ХДП фракцияси аъзолари Давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат вакилларига қандай саволлар берди?

2020 йил 20 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг I ярим йилликдаги ижроси натижалари ҳақидаги Ҳукумат ҳисоботини муҳокама қилди.

Аввало қайд этилдики, коронавирус билан боғлиқ пандемия дунё давлатлари, жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётини ҳам қийин синовларга дучор қилди, Давлат дастурида белгиланган турли лойиҳа ва режаларни амалга ошириш имкониятларини пасайтирди. Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилда жаҳон иқтисодиётининг 4,9 фоизга камайишини прогноз қилмоқда. Шу биргина рақам дунё иқтисодиётида юзага келган мураккаб вазият ҳақида тасаввур беради.

Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида пандемиянинг халқимиз турмуши, иқтисодиётимизга таъсирини юмшатиш, бизнесни ҳимоялаш, иш ўринларини асраб қолиш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш масалалари юзасидан муҳим қарорлар қабул қилиб, аниқ вазифалар белгилаб бериши натижасида мамлакатимизда умумий вазият барқарорлиги таъминланмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 3 апрелдаги фармонига кўра, пандемия шароитида жойларда аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 569 мингта муҳтож оила рўйхатга олиниб, уларга зарурий ёрдам кўрсатилди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиямизнинг барча даражадаги депутатлари жойларда бўлиб пандемия шароитида кўрилаётган тезкор чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, юзага келаётган айрим муаммоли ҳолатларни бартараф этишга амалий ёрдам кўрсатиш жараёнларида бевосита қатнашмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қийин вазият бўлишига қарамай, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик таъминланаётгани, пандемия шароитида давлат ва жамиятнинг барча бўғини ҳамжиҳатликда иш юритишига эришилаётгани, халқимизда бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳи кучайгани таъкидланди.

Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат дастурида ижтимоий соҳа бўйича назарда тутилган вазифаларнинг бажарилиши, маблағларнинг самарали сарфланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди.

2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида мактабгача таълим соҳасида 426 та, халқ таълими соҳасида 315 та, тиббиёт сохасида 233 та  объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширилмоқда.

Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 трлн сўм ажратилган. Тиббиёт муассасаларини зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш учун халқаро молиявий ташкилотлардан 288 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш бўйича ҳукуматнинг тегишли қарорлари ишлаб чиқилган.

Иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамият эга. Пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият бу борада режалаштирилган натижаларга эришиш имкониятларини пасайтирган. Ҳолатдан келиб чиқиб, ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини расмийлаштириш бўйича имтиёз берилган касблар сони 24 тадан 67 тага оширилди.Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлаши белгиланган.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Давлат дастури бўйича амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда, айрим ҳолатларни кўрсатиб, таклифлар беришди.

Депутатлар жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказганда, пандемия оқибатларини бартараф этиш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида молия органларининг назорат-тафтиш бўлими ва Ҳисоб палатасининг режали назоратидан ташқари, жойларда тезкор амалиёт олиб борадиган тизим йўлга қўйилмагани маълум бўлди.

Истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларининг нархлари асоссиз ошиб кетишини олдини олиш борасида электрон назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар ижроси етарли даражада таъминланмаган. Шуларни нобатга олган ҳолда, фракция аъзолари коронавирус пандемияси шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштириш лозимлигини таъкидлашди.

Хусусан, маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилишга мўлжалланган “Давлат молиявий назорати” тўғрисидаги қонунни тезроқ қабул қилиш керак, деган таклиф илгари сурилди.

Камбағалликка қарши самарали курашиш ва шу йўналишга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун камбағалликнинг аниқ мезонларини қонунчиликда белгилаб бериш зарурати яна бир бор кун тартибига чиқди.

Таъкидлаш лозимки, Халқ демократик партиясининг фракцияси томонидан “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида  “яшаш минимуми”, “истеъмол саватчаси” ва “камбағаллик даражаси” тушунчалари ҳамда уларни ҳисоблаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиблари кўзда тутилган. Мазкур қонун лойиҳаси ушбу йўналишда қонун хужжатларини ишлаб чиқишда фойдаланиш учун Ҳукуматга тақдим этилди.

Депутатлар Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот, шунингдек, сайлов округларидаги ўрганишлар жараёнида аниқланган, Дастурнинг сифатли бажарилишига бевосита алоқадор бўлган ҳолатлар бўйича юзага келган саволларига Ҳукумат аъзоларидан жавоб олишди.

Муҳокамалар якунида ЎзХДП фракцияси Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг I ярим йилликдаги ижроси натижалари ҳақидаги Ҳукумат ҳисоботини маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилди.

← Рўйхатга қайтиш