Қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари камбағаллик юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этилади

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи пандемия шароитида янада долзарб мавзуга айланди. Чунки карантин муносабати билан кўплаб оилалар даромадини йўқотди, вақтинчалик ишлар меҳнат қилаётганларнинг фаолияти тўхтаб қолди. Аммо биз пандемия шароитида яшашга ва меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда, ҳаёт ҳаммамиздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 14 июл куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, ҳалқни юқори даромад манбаи билан таъминлаш масалаларига бағишланиб ўтқазилган видеоселектор йиғилишида оилаларга барқарор даромад манбаи ҳисобланадиган бандлик масаласига бўлган муносабат тубдан ўзгариши таъкидланди. Бу борада алоҳида эътибор қаратиладиган йўналишлар белгилаб олинди.

Хусусан, мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш муҳокама этилди. Жумладан, мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. 2021-2022 ўқув йилидан ҳар бир мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади.

Тизимда 7-синфдан бошлаб ўғил-қизларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9 синф ўқувчилари дастурга, дизайнер, таржимон сингари истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан работотехника дастурлари каби талаб юқори касбларни ўргатиш йўлга қўйилади.

Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани қисқа муддатли касб-ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу мақсадлар учун инқирозга қарши курашиш жамғармасидан бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курслари энг аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллада очилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳузурида ташкил этилган Вентур фонди кенг қўламдаги ишларни қўллаб-қувватлайди. Жумладан, фонд ташаббуси билан старчап лойиҳалар танлови ташкил этилади. Жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, 2021 йилдан бошлаб эса камида 20 та истиқболли лойиҳаларга 50 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача грант ажратилади. Қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона қуриш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш ниятида юрган ёшлар субсидия билан таъминланади.

Ана шу каби қулайликлардан хотин-қизларни ҳам баҳраманд этиш зарурлигига видеоселектор йиғилишида алоҳида урғи берилди. Жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги келгусида 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўқитиш бўйича қисқа ўқув курсларини очади. Ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлик асосларини бепул эгаллайди.

Ҳар бир шаҳар ва туманда шакллантирилган бизнес-лойиҳаларнинг муаллифлари бўлган аёлларга ойма-ой сармоя ажратилади. Хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида ажратиладиган кредитлар ва грантларни олиш соддалаштирилади.

Ушбу жараёнда келгусида тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган 2 миллион АҚШ долларига тенг кредит ёшлар ва аёллар ишсизлиги ниҳоятда юқори бўлган қишлоқ жойларга тарқатиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Шу мақсадда нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов йўлга қўйилиб, энг яхши ўқув маркази грант билан рағбатлантирилади.

Истиқбол учун хизмат қиладиган саъй-ҳаракатлар замирида энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун барча имкониятлар ва шароитларни муҳайё этишдан иборатдир.


Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш