Ёшлар тақдири учун барчамиз маъсулмиз!

 

Ёшлар бунёдкорлик салоҳиятига эга бебаҳо ресурсдир. Ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ёшлар ҳуқуқи ҳимоясини назорат қилишга, ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожланишига ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни ечимига, қонунчилик ва ҳуқуқий тартибни сақлашга имкон яратади. Ёшлар бирдамлигида кўплаб муаммолар бартараф этилади.

Эътибор берсак, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш масалалари қамраб олинмоқда. Хусусан, 14 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент маърузасида, аввало, мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Бунда, мактабданоқ ёшларни касбга 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланиб, 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллашга йўналтириш ва 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилиши белгиланиб, ёшларнинг келажакда замонавий теҳнологиялар бўйича етук мутахассис бўлишларига ва ёшлар бандлигини таъминланишига хизмат қилади.

Шу ўринда, ёшлар бандлигини таъминлашда, шаҳар ёшлари билан қишлоқ ёшларининг ўзига хос қарашлари ва хусусиятларини эътиборга олишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Мисол учун, қишлоқ жойларни олиб қарайдиган бўлсак, ёшларни бандлигини таъминлаш масаласида юзага келаётган муаммолар яққол кўзга ташланмоқда. Кўпгина муаммоларнинг замирида ишсизлик, бекорчилик ётади. Айниқса, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳисобланган сартарошхона ёки савдо дўконлари олдида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёшларнинг тўпланиши, натижада улар орасида турли келишмовчиликларни юзага келиши ҳолатлари кўплаб учрайди. Бу ҳолатлардан турли диний оқимлари тарғиботчилари бўлган манфур кимсалар бу ёшларни ўз оқимига тортиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Шаҳар ҳудудидаги ёшларда эса осонлик билан пул топиш, ҳаётга енгил-елпилик билан қараш одат тусига кириб қолган. Шаҳарда иш ўрни кўп бўлишига қарамасдан, ёшларни тайёр ишда ишламасдан ўзи бўларча ҳаёт кечираётгани, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тунги клубларда ёки кафеларда вақтини ўтказаётгани, ҳаётга енгил қараётгани ўта муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Деярли 80-90% ёшларнинг ижтимоий тармоқларга боғланиб қолганлиги ҳам салбий оқибатларга олиб келади.

Диний оқимлар бугунги ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган асрда ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб онги мўрт, ҳаётда мустақил фикрлашга, позицияга эга бўлмаган ёшларни тўрга тушириш ва ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқда. Мақсад — ёшлар қалбини эгаллаш, халқнинг онгига, унинг сезги-туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш. Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан кўра даҳшатлидир.

Йиғилишдан сўнг партиямизда ёшлар йўналишида олиб бораётган фаолиятимизни таҳлил қилдик. Партия Сайловолди дастуримизда белгиланган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини ташкил этиш, юрт тинчлиги, Ватан равнақи йўлидаги фаолиятини ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилган ҳолда ўз ишини ташкил этишга кўмаклашиш борасидаги ишларимизни янада изчиллик билан давом эттириш бўйича вазифалар белгилаб олдик. Амалга оширилаётган ислоҳотларни ижросини фракциямиз ва жойлардаги депутатлик гуруҳларимиз орқали назоратини кучайтирамиз. Бунга сиёсий куч сифатида қурбимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам ва партиямиз сафидаги ёшларимизнинг ташаббускорлиги ҳам етарли, деб ўйлайман.


Жаҳонгир Кабиржонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш