Сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва муваффақият қозониш йўллари

Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён остонасида турибди. Жорий йилнинг декабрь ойида парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Айтиш керакки, бу йилги сайловлар янги ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Янги Сайлов кодексининг қабул қилиниши, сиёсий кучлар ўртасида рақобат муҳити кучайгани сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Сайлов жараёнида сиёсий партиянинг дастурий мақсади, ғоясидан жамоатчилик кенг хабардор бўлиши, айни пайтда уларни қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун партия одамлар орасида бўлиши, халқ манфаатини дадил туриб ҳимоя қилиш ҳамда тарғибот таъсирчанлигини ошириши талаб этилади. Бу эса ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Сиёсий партия бу борада ташаббускор, фаол, билимдон етакчиларига суянади. Улар орқали электоратга дастурий мақсадларини етказади, одамлар қалбига, жамиятга чуқур кириб боради.

Жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан партия ҳудудий ташкилотларида фаолият олиб бораётган масъул ходимлар учун “Сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва муваффақият қозониш йўллари” мавзусида сиёсий ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Айтиш керакки, машғулотлар видеомулоқот тарзида ташкил этиляпти. Сиёсий ўқув маҳаллий партия кенгашлари раислари ва ўринбосарлари жорий йилда ўтказиладиган сайловларда партия иштирокини самарали таъминлаш, кадрлар малакаси, иш тажрибасини ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш масалаларини қамраб олган.

Сиёсий ўқувни Наманган вилоят студиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди. Жорий йилда ўтказиладиган сайловларда партиянинг самарали иштирокини таъминлаш ҳамда бугунги долзарб вазифалар хусусида гапириб ўтди.

Машғулотлар давомида парламент аъзолари, нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари, сиёсатшунос олимлар мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари, сайлов кампанияси тактикаси, партия ва номзодлар имижини шакллантириш, самарали Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича сабоқ беришди.

Тошкент вилоятидаги партиямиз вакиллари учун ўқув машғулотлари партия Марказий Кенгашида бўлиб ўтмоқда.

Дарс машғулотларида сайловолди ташвиқоти даврида тарғибот ишларининг самарадорлигини оширадиган информацион-таҳлилий фаолият ишларини (бошқа партия фаолиятини кузатиш билан боғлиқ) йўлга қўйиш борасидаги масалаларни атрофлича ўрганиш ва муҳокама қилиш лозимлиги қайд этилди. Жойларда фуқаролар орасида турли масала ва муаммоларни ечимини топиш ва кўмаклашиш билан боғлиқ ишларни турли давлат ташкилотлари билан биргаликда амалга оширишда партия иштирокини кучайтириш муҳим масала экани айтиб ўтилди.

— Ўқув-машғулотлари жараёнида тингловчилар билан сиёсий партиялар фаолиятига доир қонунчилик, партия имижини мустаҳкамлаш, сайловолди дебатларни кучайтириш масалалари ва уларнинг аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашдик, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов. — Партиямиз тизимида ишлаётган кадрларда сиёсий соҳага қизиқиш юқори. Буни уларнинг бир-бири билан мулоқотга киришиши, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларда баҳс-мунозара юритиши, фикрини эркин баён этишида кўп кузатдим. Бундай ижтимоий-сиёсий фаоллик жамиятда қонун устуворлиги кучайиши, демократик ислоҳотлар тобора изчил тус олишида муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Мутахассислар томонидан сайловлар жараёнларида фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш билан бир қаторда уларда муносиб номзодларни ўзларини тақдимот қилишлари билан боғлиқ масалалар юзасидан амалий тавсиялар берилди. Сайловолди соғлом рақобатини шакллантириш мақсадида ОАВ билан ишлаш ҳамда партия нашрларининг ҳолати кўра мафкуравий масалалар бўйича тегишли йўналишлар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан ушбу жараёнда оқилона фойдаланиш усуллари тушунтирилди.

Ўқув машғулотларида мавзулар эркин суҳбат, мунозара шаклида бўлиб ўтмоқда. Дарслар инновацион технологиялар орқали ташкил этилди.

— Бугун одамларимизнинг сиёсий онги, савияси анча юксалган. Демак, бундай демократик жараёнда қайси сиёсий партиянинг етакчилари, фаоллари фидойи, ташкилотчи, билимли бўлса, ўша партиянинг таъсир кучи, обрўси ошади, амалий ишлар кўпаяди, — дейди ЎзХДП Оққўрғон туман кенгаши раиси Зулҳайдар Чинташев. — Мазкур ўқув курсида малакали мутахассислардан олаётган билимларимиз келгуси фаолиятимизда қўл келади, деб ҳисоблайман. Интерактив дарслар давомида партиямиз Сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларнинг аҳамиятини аудиторияга етказиш маҳорати синовдан ўтказилди, бу борада мутахассислар, сиёсатшунослар ўз таклифларини беришди. Энг муҳими, фаолиятимизга оид билим ва кўникмага эга бўлиш баробарида, амалиётда янги усулларни, замонавий технологияларни қўллаш бўйича малака оширяпмиз.

Ҳудудий партия ташкилотлари томонидан жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда уларда кўпроқ интерактив ва сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш лозимлиги юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Сиёсий ўқувлар тўғрисидаги ахборотларни сизга тақдим этишда давом этамиз. Бизни кузатиб боринг.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент
← Рўйхатга қайтиш