ЎзХДП фракцияси аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича ҳукуматга таклифлар берди

 

Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга мўлжалланган давлат дастурининг I ярим йилликдаги ижроси натижалари 21 июль куни парламент қуйи палатасида атрофлича кўриб чиқилди.

Аввало айтиш керакки, коронавирус билан боғлиқ пандемия дунё давлатлари, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини ҳам қийин синовларга дучор қилди, Давлат дастурида белгиланган турли лойиҳа ва режаларни амалга ошириш имкониятларини мураккаблаштирди.

Шунга қарамай, қийин вазиятда ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда, пандемия шароитида давлат ва жамиятнинг барча бўғини ҳамжиҳатликда иш юритишига эришилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемияси даврида қабул қилинган тезкор фармон ва қарорларига кўра, улкан ишлар амалга оширилди, хусусан, 570 мингта муҳтож оилага озиқ-овқат, дори-дармон, нақд пул шаклдаги зарурий ёрдам кўрсатилган, 50 минг нафар ишсиз фуқаро доимий, 106 минг нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминланган.

Асосий ғояларидан бири ижтимоий бирдамликка эришиш бўлган партиямиз ҳамда парламентдаги фракциямиз бу борада қатъият ва изчиллик билан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Фракциямиз Давлат дастури ижроси билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилиб, Ҳукуматга таклифларини ҳам берди.

Депутатлар жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказганда, пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишга оид айрим саволларга дуч келди. Бунинг асосий сабаби молия органлари ва Ҳисоб палатасининг режали назоратидан ташқари, маблағлар мақсадли сарфланишини тезкор кузатиб борадиган тизим йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. Натижада айрим ҳудудларда қуйи тизимдаги ташкилотлар мутасаддилари ижтимоий ҳимоя учун ажратилган маблағларни ғаразли ўй билан ўзлаштираётган ҳолатлар кузатилмоқда.

Истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларининг нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича электрон назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича Президент кўрсатмалари ижроси етарли даражада таъминланмаган. Бу каби ҳолатлар коронавирус пандемияси шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

Фракциямиз маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилишга ёрдам берадиган “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонунни тезроқ қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Кейинги масала. Камбағалликни қисқартиришни самарали ташкил этиш, шу мақсадга ажратилган маблағларни тўғри йўналтириш долзарб аҳамиятга эга. Акс ҳолда, маблағ, саъй-ҳаракат, вақт беҳуда кетиши мумкин. Қайси оила нима учун қийин вазиятда? Кимга қандай ёрдам кўрсатиш керак? Бу саволларга асосланган жавобни билмасдан камбағалликни қисқартириш осон бўлмайди. Биринчи галда камбағалликнинг аниқ мезонларини қонунчиликда белгилаб қўйиш зарур. Демак, партиямиз қайта-қайта кўтараётган масала яна кун тартибига чиқмоқда.

Шунинг учун партиямиз фракцияси “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва концепциясини ишлаб чиқди. Лойиҳада “яшаш минимуми”, “истеъмол саватчаси” ва “камбағаллик даражаси” каби тушунчалар очиб берилган. Қолаверса, яшаш минимуми, истеъмол саватчасини ҳисоблаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиблари белгиланиши кўзда тутилган. Бу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ-равшан қайд этиш камбағалликни қисқартириш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган кенг қамровли ишларнинг самарадорлиги, манзиллилигини оширишда катта аҳамиятга эга.

Маълумки, Президентимиз томонидан аниқ вазифа белгилаб берилган. Ҳукумат, мутасадди вазирлик-идоралар ҳозирги пайтда керакли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Ҳужжатлар ҳар томонлама пишиқ-пухта бўлишига эришиш учун фракциямиз тайёрлаган қонун лойиҳаси ва унинг концепцияси тегишли тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш ишларининг самарадорлигини ошириш, айниқса, пандемия даврида жуда долзарб вазифага айланди. Жараёнларни шаффофлаштириш ва тезлаштириш ушбу вазифанинг сифатли ижро этилишига хизмат қилади.


Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш