Ёшларни ишга жойлаштириш имкониятлари янада ошмоқда

 

Президентимиз раҳбарлигида 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш билан аниқ масалалар муҳокама этилди, аниқ вазифалар қўйилди. Шунингдек, йиғилишда мамлакатдаги профессионал ишчи к асбларга бўлган эҳтиёж тўғрисида ҳам сўз борди.

Давлатимиз раҳбари бу каби камчиликларни кўрсатиб, меҳнат бозорида ишчи касбларга реал эҳтиёжни ҳар бир тармоқ ва соҳа кесимида аниқлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган холда ўқитиш дастури ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Албатта, аҳоли бандлигини таъминлашда энг самарали йўл аввало, меҳнат бозоридаги талабни ўрганиш ва шу асосида мутахассислар тайёрлашдир. Касбларга бўлган реал эҳтиёж аниқланиб, шу асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатилса, эртага уларнинг ишга жойлашиш имконияти шунча кафолатли бўлади.

Жорий йилда Навоий вилояти, Хатирчи туманида ҳам 3347 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича секторлар кесимида “манзилли режа”лар ишлаб чиқилиб, бу халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгаши сессияси қарори билан тасдиқланди. Натижада 1746 ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 80 нафар касбини ўзгартириш истагини билдирган ёшлар қисқа муддатли қайта ўқув курсларида касб-ҳунарга ўқитилди ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, туман бўйича “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ғалладан бўшаган жами 219 гектар ер майдони ёшларга ажратиб берилди ва такрорий экинлар экилди.

Умумий ўрта таълим мактабларининг 11 синф битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган ер майдонларининг ажратиш натижасида 377 нафар 11 синф битирувчиларига 104,4 гектар ер майдони ажратилиб ажратилган ер майдонларига такрорий экинлар экилди. Жумладан, 1,5 га картошка маҳсулоти, 9,4 га сабзи, 69,3 га дукакли экинлар, 1,4 га кунгабоқар, 22,8 га ер майдонларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилиб етиштирилмоқда.

Йил якунигача туманимиздаги иш билан банд бўлмаган ёшларнинг барчасининг бандлиги тизимли равишда таъминланади. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган кўрсатмалар асосида ишни масъулият билан олиб бориш, бу борада назорат-таҳлил ишларини сусайтирмаслик керак, албатта. Бу каби эзгу ишларда Ўзбекистон ХДП Хатирчи туман кенгаши депутатлари ҳам ўз чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Уни амалга оширишга қатъий бел боғладик.


Маҳфуза Саидаҳмедова,

халқ депутатлари Хатирчи туман кенгаши депутати.

← Рўйхатга қайтиш