Ўқитувчиларнинг боши яна “тош”га тегмайдими?..

 

Таълим соҳаси ва сифатининг натижадорлиги узоқ йиллар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сабабли фарзанди олий ўқув юртига ўқишга киришини хоҳлаган ота-она қўшимча ўқув курсларига ёки репититорга беришга мажбур бўлгани сир эмас. Мана, яқин йиллардан бери ўқитувчини елкасига офтоб тегди, қўшимча жамоат топшириқларига жалб қилишга чек қўйилди, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, ўқитувчи шаъни ҳимояси ва қадр-қимматини ошириш бўйича хуқуқий асослар мустаҳкамланди. Мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган изчил сиёсат юритиб келинмоқда. Бу ҳам адолатнинг бир кўриниши.

Ўзгаришлар, ислоҳотлардан мақсад нима? Албатта, таълим сифатини ошириш. Ўқув йилларини натижадорлигини сарҳисоб қиладиган бўлсак, қувонарли кўрсаткичларга эриша олмадик.

Президентимиз томонидан ўқувчиларнинг олий ўқув юртига киришига оид кўрсаткич бўйича мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга баҳо бериш, ойлик маошларини белгилашда натижадорликни инобатга олиш ҳақида топшириқ берилди. Демак, бу бўйича ҳукумат томонидан меъёрий-ҳуқуқий хужжат ишлаб чиқилади. Шу масалада жойлардаги вазиятни инобатга олган ҳолда, таклифлар тайёрлаш ўринли, деб ҳиссоблайман. Фикримча, қуйидаги масалаларга эътибор қаратилиши лозим.

БИРИНЧИДАН. Ўқитувчи ўзи истаги бўйича ўқув дастури тузиб таълим бермайди, яъни вазирлик томонидан етказиб берилган дарслик бўйича дарс машғулотларини олиб боради. Ўқув курслари эса олий таълимга кириш имтиҳонларига тушадиган тест материаллари бўйича ўқув дастури тузиб олишади.

Амалдаги дарсликдаги тўлиқ маълумотларни ўзлаштирган ўқувчи қай даражада кириш тестларига тайёрлигини таҳлили ўтказилиши керак.

ИККИНЧИДАН. Бир мутахассислик бўйича учта фандан тест топширади дейлик (бу йилни назарда тутмаяпман). Битирувчининг кириш имтиҳонларидан етарли бал тўплаши битта фан ўқитувчисига боғлиқ эмас.

Авваллари репититор бўлмасди, биз мактаб дастурида ўтилган дарсларда олинган билим бўйича олий ўқув юртига ўқишга кирганмиз”, деб фикр билдирадиган ота-оналаримиз талайгина. Бунга тўлиқ қўшиламан. Фақат ҳозир репититорга фарзандингизни ўқишга рўйхатдан ўтказсангиз, албатта, ёндош фанлардан қайси ўқитувчида тайёрланишини суриштиришади. Агарда тажрибасизроқ ўқитувчида таълим олишини англашса, энг зўр репититор ҳам фарзандингизни курсига қабул қилишга рози бўлиши қийин ёки умуман бўйнига масъулият олмайди. Сабаби, битта фанни яхши ўзлаштириб, кириш тестларидан муваффақиятли натижа кўрсатиб бўлмайди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, математика ўқитувчиси тумандаги энг зўр ўқитувчи бўлсаю, инглиз тили ўқитувчиси яхши дарс бера олмаса, ўқувчи иқтисод йўналишига ўқишга кира олмайди. Демак, энг зўр ўқитувчи бўлган математика ўқитувчисига ҳам чора кўрилмаслигининг олдини олиш керак.

УЧИНЧИДАН. Умуман, тест топширмаган фандан дарс берадиган ўқитувчилар бу ҳолатда қай аҳволда бўлишади?

ТЎРТИНЧИДАН. Мактаб директорларида ўқитувчини аттестациядан ўтказиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш ваколати мавжуд эмас.

Бу долзарб масалада мактаблардаги барча ўқитувчилар бир жамоа сифатида ҳаракат қилиши муҳим, Ўйлайманки, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан адолатли механизм яратиш бўйича таҳлилий маълумот ва таклифлар тақдим этилади.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш