Узун тумани: ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш алоҳида назоратга олинган

 

Бугунги пандемия шароитида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида турган долзарб масалалардан биридир.

14 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан бу масалада белгилаб берилган топшириқ ва вазифаларни бажаришда Узун туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Назорат-таҳлил давомида маълум бўлдики, ҳозирги кунда туманда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 43 минг 681 нафарни ташкил этади. Ушбу ёшларнинг 8,5 фоизи ёки 3 минг 355 нафари иш билан банд бўлмаган ёшлардир.

Халқ депутатлари тумани Кенгаши сессиясида бу масалада тегишли қарор қабул қилиниб, ишлаб чиқилган “Манзилли режа” ва “Йўл харитаси” асосида мазкур ёшларнинг 70 фоизи, яъни 2 минг 358 нафарининг бандлигини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Йил якунига қадар яна қурилиш отрядларига жалб қилиш орқали 187 нафар, тадбиркорликни ривожлантириш соҳасига 225 нафар, 530 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасига, 1 минг 395 нафари бошқа соҳаларга ишга жойлаштирилиши режалаштирилган.

Қайд этиш ўринлики, туманда ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш алоҳида назоратга олинган. Жумладан “Сурхон Агро флора” ишлаб чиқариш кооперативи томонидан “Саховат” маҳалласи ҳудудида 50 нафар ёшларнинг ҳар бирига 20 сотихдан, “Гулистон” СИУ ҳудудида 7 нафар ёшларга 20 сотихдан ер майдони дуккакли экинлар экишлари учун ажратиб берилди.

Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасига ҳам туманда катта эътибор қаратилиб, унга 131 нафар ёшлар қамраб олиниб, уларга 65,5 гектар ер ажратиб берилди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласига тўхталадиган бўлсак, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 105 нафар хотин-қизларга 2 миллиард 802 миллион сўмлик кредит ажратилди. Шунингдек, 4 нафар оғир шароитдаги хотин-қизлар доимий ишга, 28 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 3 нафари ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорликка жалб этилди.

Ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги туманда долзарб вазифалар қаторида турибди. Бу борада ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифалар ҳаммамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Режага киритилган иш ўринларининг вақтида очилиши, уларнинг барқарорлиги бўйича назорат-таҳлил ишларини сусайтирмаслигимиз керак. Бу масала бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Яна бир масала. Ёшлар билан юзма-юз мулоқотларни кўпайтиришимиз керакю Уларнинг қалбига қўл солиш, елкама-елка туриш керак. Йигит-қизлар билан қанчалик кўп мулоқот қилсак, улар муаммоларини шунчалик очиқ-ойдин айтади. Албатта, муаммони ўрганиш билан иш битмайди. Асосий гап уни ҳал этишда. Ҳар бир депутат шу ҳақида чуқурроқ ўйлаши керак, деб ўйлайман.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш