Жонкуяр ва олижаноб инсонларнинг меҳнати азиз, ҳурмати баланд

 

Бугун бутун дунё давлатлари иқтисодий ва ижтимоий тизими коронавирус эпидемиясидан тобора жиддий жабр кўрмоқда. Юзага келган ўта оғир ва мураккаб шароит барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.

Мамлакатимизда сўнгги ҳафталарда аҳоли орасида касалланиш кўрсаткичи ошиб боряпти. Ҳозирда COVID-19 юқтирганлар сони 19 минг нафарга яқинлашгани вазият ҳамон жиддий бўлиб қолаётгани кўрсатади. Охирги кунларда коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилди, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Беморларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилиши режалаштирилмоқда.

Халқаро ва маҳаллий тажрибани ҳисобга олиб, коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси янгиланди. Яъни, соҳада фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари билим ва кўникмаларини ошириш, уларни шифохоналарга бириктириш ишлари йўлга қўйилмоқда. Ана шу мақсадда, тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 минг врач ҳамда 9 минг ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат бериш учун жалб этилди.

Шифокорлар бугун вирус билан жангнинг энг олди қаторида мардонавор туришибди. Улар халқ саломатлиги йўлида бор куч ва меҳнатларини сафарбар қилмоқда. Чинакам қаҳрамонлик билан беморлар дардига малҳам бўлмоқда. Жумладан, 75 минг олий ва 400 мингдан ортиқ ўрта маълумотга эга тиббиёт ходимлари халқимиз саломатлиги учун курашмоқда. Шифокор сифатида дилимдан уларнинг жасоратини ўтказаяпман. Бир ойлаб шифохонада яшаб, туну кун хавфли касаллик билан курашиш, беморларнинг кўнглига йўл топиб, уларга меҳр кўрсатишга ҳамманинг ҳам жасорати етмайди.

Ҳа, шифокорлар мана шундай жасур ва мард. Улар бугун ҳарбийларимиз чегарадан доимо сергак турганидек турибди. Кунни, тунга улаб шифо истаб ётган инсонлар соғлиги учун курашмоқда. Бугун шифокорлар, душман қаршида доимо бирга, исталган пайт, уларни ҳам ўз чангалига тортиб кетиши мумкин. Ҳақиқий қаҳрамонлик аслида шу эмасми?..

Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди.

Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Респубикаси Президенти Фармони имзоланди.

Фармонда мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олишга ҳисса қўшган бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирланди. Бундан ташқари, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари эътироф этилиб, қадр топди.

Тақдирланганлар фақатгина шифорларгина эмас, балки ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлида улкан жасорат ва фидойилик кўрсатган хизмат ходимлари ҳам бор. Фармон билан кичик тиббий ходимлари-ю, хамшира, врач, лаборантларгача ҳеч ким эътибордан четда қолмади.

Қарийб 200 дан ортиқ пандемия билан курашаётган инсонларнинг меҳнати шарафланди. Шифокор учун энг шарафли унвон ҳисобланадиган «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони, «Фидокорона хизматлари учун» ордени, I даражали «Саломатлик» ордени, II даражали «Саломатлик» орденлари билан тақдирланди. «Жасорат», «Соғлом турмуш», «Содиқ хизматлари учун» ҳамда «Шуҳрат» медали билан мукофотландилар.

Бу рағбатдан барча шифокорларнинг руҳияти кўтарилди, қўшимча куч-қувват берди, десам муболаға бўлмас.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга, қадрдон ҳамкасбларимга чуқур миннатдорчилик билдираман, самимий табриклайман.


Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш