Яширин иқтисодиётнинг кимга зарари кўпроқ?

 

Бугун жаҳонда жорий қилинган карантин чоралари таъсирида энг қаттиқ зарба иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, шунингдек, норасмий сектордаги ишчиларга, яъни бу қарийб дунё бўйича 1,6 миллиард кишининг турмушига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу рақамлардан ҳолатнинг қанчалик ачинарли эканлигини кўриш мумкин. Оддий қилиб айтганда, дунё аҳолисининг қарийб ҳар 5 кишисидан бири қийин аҳволга тушиб, оғир ҳаётда яшаётганлигидан дарак беради. Пандемия шароитида мавжуд иш ўринларининг қисқараётганлиги, ишсизлик даражасининг ошаётганлиги, аҳоли даромадларининг камайиб кетаётганлиги, корхона, заводлар тўлиқ қувватда ишламаётганлиги, шунингдек, дунё аҳолисида озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаёт учун бирламчи эҳтиёж воситаларга талабнинг ошаётганлигини кўришимиз мумкин.

Минг афсуски, бугунги шароит бутун дунёдаги умумий вазиятга, айниқса, давлатларнинг миллий иқтисодиётига ниҳоятда катта салбий таъсир ўтказмоқда. Ушбу офат туфайли юзага келган фавқулодда вазият оқибатида барча мамлакатларнинг барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлиги жиддий зарар кўрмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 июль куни мамлакатимизда яширин иқтисодиётни қисқартириш ва коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Яширин ёки хуфия иқтисодиётнинг ўзи нима? Иштирокчилар томонидан ошкора пайқаб бўлмайдиган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш, давлат ва жамият томонидан назорат қилинмайдиган, солиқлар тўланмайдиган, расмий давлат статистикасида қайд этилмайдиган иқтисодий жараёнлар ҳисобланди.

Яширин иқтисодиёт натижасида давлат бюджетига солиқлар ва мажбурий тўловлар келиб тушмайди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса яширин иқтисодиётнинг мавжудлиги аҳолининг ўзига тўқ ва кам таъминланган қатлами ўртасидаги тафовутни келтириб чиқаради, ишсизлик ва норасмий бандликнинг ошишига олиб келади. Бундан энг катта зарарни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари кўради.

Масалан, аҳоли орасида сартарошлик, этикдўзлик, новвойлик, темирчилик, бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик, ғишт ва кафель териш, дурадгорлик, тикувчилик, йўловчи ташиш, таржимонлик, дизайнерлик ва бошқа шу каби касб-ҳунари борлар жуда кўп. Уларнинг аксарияти ушбу ишлар билан норасмий шуғулланиб келмоқда. Бироқ, шу кунга қадар уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бу эса пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқаради.

Яширин тадбиркорлар ўз бизнесларини кенгайтириш, банк хизматларидан фойдаланиш, керидит олиш, ўз брендларини яратиш, кўпроқ даромад олиш ва келгусида ўзлари ҳамда ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишда кўп нарсани йўқотишади. Шунингдек, яширин фаолият юритиш учун қайсидир “ҳимоячиларга” пора бериб туришга мажбур бўлишади.

Жаҳон амалиёти таҳлилига кўра, яширин иқтисодиётнинг ҳажмига солиқ солишнинг оғирлиги, олинадиган даромад миқдори, иш вақтининг узунлиги, ишсизлик миқёси, давлат секторининг роли, шунингдек, турли лицензия, сертификат ва рухсатномаларни олишда кўзда тутилмаган харажатларнинг мавжудлиги, хомашё маҳсулотлари етказиб берилишида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бюрократия ва бошқа қийинчиликлар сабаб бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан яширин иқтисодиётни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш ва унинг улушини камайтириш учун келгусида 43 та идоранинг 270 та назорат функциясини танқидий ўрганиш, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга сабаб бўлаётган ваколатларини қисқартириш, Халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш вазифаларини белгилаб бердилар.

Жаҳондаги барча мамлакатларда маълум даражада коррупция, пораҳўрлик ва хуфиёна иқтисодиёт мавжуд. Дунё тажрибаси бу иллатни камайтириш мумкинлигини, бироқ уни бутунлай йўқ қила олмаслигини кўрсатади. Шунингдек, яширин иқтисодиётнинг улуши паст бўлишига нақд пул муомаласидан максимал даражада воз кечиш иқтисодиётда электрон ёки нақд пулсиз тўловлар тизимини кенг жорий қилиш орқали этишиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда яширин иқтисодиётни пасайтиришга хизмат қиладиган янги қонунлар ишлаб чиқиш ва мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, электрон хукумат, тижорат, хизмат, тўлов ва шу кабиларни тез ривожлантиришимиз, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, рухсат бериш ва лицензиялашдаги ортиқча тартиб-таомилларни янада қисқартириш, шунингдек, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз даркор.

Бу орқали бюджетга тушимлар ошади. Агар бюджетда маблағ кўпайса, ўз-ўзидан ижтимоий масалага оид муаммоларни қисқа вақт ичида бартараф этиш имконияти вужудга келади. Шундек экан, партиямиз фаоллари, депутатлари сайловчилар билан учрашувларда, оммавий ахборот воситалари орқали «яширин иқтисодиёт» натижасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларига етказилаётган зарар тўғрисида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Одамларнинг легал ишлашига кўмаклашиш, тегишли тушунтириш ва амалий ёрдамлар кўрсатишмиз мақсадга мувофиқ бўлади.


Бахтиёр Абдуллаев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

← Рўйхатга қайтиш