Карантин камбағал оилаларни янада қийнаб қўймоқда. Ёрдам беришнинг имкони борми?

 

Бутун дунёда коронавирус касаллиги ўз ҳукмини ўтказмоқда. Барча мамлакатлар қатори юртимизда ҳам ушбу касалликка қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўрилмоқда.

Маълумотларга кўра, дунёда очарчиликдан азият чекаётган 845 миллионга яқин одам мазкур касаллик сабабли янада кўпроқ қийинчиликларга учрамоқда. Ҳар куни 24-25 минг одам очлик оқибатида ҳалок бўлмоқда.

Мамлакатимизда шу кунга қадар яшириб келинган, қоғозлардагина кам таъминланган оила деб кўрсатилиб, амалда ўта қашшоқ шароитда кун кўраётган юртдошларимиз салмоғи очиқ рақамларда ифода этилди. Бу рақамлар салмоғи катталиги, шу кунга қадар бу инсонларнинг тақдири ҳеч кимга қизиқ бўлмагани аянчли, албатта. Ҳозирда аҳолимизнинг 4-5 миллион қисми айнан камбағалликда кун кечирмоқда, уларнинг кунлик даромади 10-13 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу қашшоқлик даражасининг энг паст кўрсаткичидан ҳам кам ҳисобланади. Халқаро меъёрларга кўра, инсоннинг кунига 1,90 доллар ёки ундан кам маблағ ҳисобига кун кечириши ўта камбағалликни англатади.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бу қатлам у ёки бу даражада ҳаёт учун муҳим бўлган энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли, бироқ ўз оиласини боқиш имкониятидан маҳрум.

Бугун Ўзбекистондаги 7 миллион 192 мингдан ортиқ хонадоннинг 300 мингга яқини, яъни 4,1 фоизи энг эҳтиёжманд оилалар ҳисобланади.

Ҳозирги карантин чоралари узайтирилган шароитда, айниқса, ушбу оилалар аҳволи янада қийинлашади. Камбағаллик ўз ўзидан юзага келмайди. Оиладаги меҳнатга лаёқатли қатламнинг ишсизликка маҳкумлиги шу ҳолатга олиб келади. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, юртимизда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан 9,3 фоизни, яъни 1,4 миллион кишини ташкил этади. Айни пандемия шароитида ушбу рақамлар қарийб 2 миллионга яқинлашди. Бундан ташқари, карантин натижасида меҳнат муҳожири сифатида четга ишлаш учун кетмоқчи бўлган 500 мингга яқин фуқаро уйида қолди. Демакки, ҳозирда улар ҳам ишсиз, даромадсиз.

Хўш, бугун аҳоли бандлигини таъминлаш учун етарли чоралар кўра оляпмизми? Мутасаддилардан мазкур масалада жиддийроқ ўйлаб кўришларини сўраб қолар эдик.

Аҳолини кам таъминланганлик ҳолатидан чиқариш мақсадида йиллар давомида катта-катта маблағлар сарфланди. Одамлар хоҳламаса ҳам мажбуран товуқ, қуён тарқатилди. Уларнинг кейинги ҳолати ҳамма жойда ҳам ўрганилмади. Таҳлил қилинмади. Товуқлар, жўжалар касалланиб нобуд бўлди. Молиявий танг аҳволда бўлган баъзи оилалар берилган қуён ва қўйларни сотиб, рўзғорга ишлатиб юборишди. Охир-оқибатда камбағал аҳолининг катта қисми банк олдида қарздор бўлиб қолди.

Ҳозирда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган фаолият ҳам бизнинг назаримизда гўёки ўша вазиятни такрорлаётгандек. Яна субсидия, яна кредит. Бу жараёнда биринчи навбатда аҳолининг тадбиркорлик қилиш кўникмасини ошириш зарур эди. Сўровлар ўтказиш, хоҳиш истагидан келиб чиқибгина бу ишларни амалга ошириш лозим. Бироқ ҳеч кимни бу йўналишда бош қотиришга вақти йўқдек гўё.

Камбағалликдан қутилишни кимгадир кредит ёки субсидия бериш, ўзини ўзи банд қилиш, деб ҳисоблаш, масалага бир ёқлама қараш ҳисобланади. Айтайлик, камбағал оилага иссиқхона қуриб берилди. Шу билан оила камбағалликдан чиқарилди, ўзини ўзи банд қилди, дегани эмас. Бу камбағалликдан чиқариш йўлида биринчи қадам, холос.

Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, камбағалликдан чиқариш жараёнида 3 та асосий омилга эътибор қаратилади. Пул тарқатиш, ўқитиш ва иш билан таъминлаш. Бу 3 омил бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

Биринчидан, камбағал оилаларга маълум вақт давомида ўзини боқиши учун пул тарқатилади. Иккинчидан, шу давр орасида қисқа муддатли касбга ўқитилади. Зарур касб кўникмасига эга бўлгач, шу йўналишда ишга жойлаштирилади. Оила бошлиғи ишлаб даромад топишни бошлагач, пул таъминотидан тўхтатилади. Унинг келгуси фаолияти доимий назоратда бўлади.

Мана шу усул ҳозирча аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ишончли ва самарали йўл сифатида кўрилади. Бизда ҳам ишсизларни касбга ўқитиш бўйича бир неча йиллар аввал ҳаракат бошланган бўлса-да, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бу ишлар тизимли йўлга қўйилгани йўқ. Ҳанузгача самарали йўл топилгани йўқ.

Ишлар шу йўсинда давом этадиган бўлса, йил якунига бориб, тахминий ҳисобларга кўра, ишсизлик даражаси 15 фоизга ошиши мумкин. Камбағаллик даражаси эса 20 фоизга яқинлашиши эҳтимоли бор.

Камбағал оилаларни аниқлаш, уларни рўйхатини шакллантириш, маҳаллаларда “темир дафтар”лар тузиш ишлари олиб борилди. Бироқ, қайси мезонларга асосланиб қилинди бу ишлар? Бирор мезон ишлаб чиқилмасдан туриб, жуда тез ва қисқа вақт ичида “темир дафтар”лар рўйхатларга тўлдириб ташланди.

Аввалдан давлатдан кам таъминланганлик бўйича моддий ёрдам олган фуқаролар кўп жойларда шундайлигича “темир дафтар”га кўчириб қўйилгани аниқ. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда моддий ёрдамлар манзилли бўлмаган, буни кузатувлар натижасида ҳам гувоҳи бўлганмиз. “Темир дафтар”ларга шу қатлам кириб қолган бўлса, яна нохолислик, яна кўзбўямачиликлар бўлаверади, ҳақиқий камбағал қатлам яна четда қолаверади.

Шу ерда савол туғилади: камбағалликни белгиловчи мезонлар рўйхат шакллантирилгандан кейин ишлаб чиқиладими?

Бизнинг фикримизча, камбағалликни белгилашнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиши, шундан сўнг бу тоифага кирадиган қатламни аниқлаш лозим эди.

Бу борада мамлакатимизда аввало 3 та тоифадаги аҳоли қатламига алоҳида эътиборни қаратиш зарур.

Биринчиси, ижтимоий мақомидан келиб чиқиб, доимий камбағал қатлам – булар якка ёлғизлар, қаровчиси йўқ айрим пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган қариялар ва кўп болали оилалар. Бу тоифадагилар моддий кўмакка муҳтож, уларга давлатнинг моддий ёрдами зарур бўлади. Чунки, ушбу тоифадагилар ўзларининг ижтимоий мақомидан келиб чиқиб, шахсий даромадларини ўстириб бориш имконига эга эмас.

Иккинчиси, камбағалликдан чиқиб кетиш имкони бор қатлам. Буларга балоғат ёшидагилар, аёллар, ишсизлар киради. Бу қатламга озгина туртки ва мадад бўлса, камбағалликдан чиқиб кетади. Уларни касбга ўқитиш, янги касбга қайта тайёрлаш, бандлигини таъминлаш, бизнесга йўналтириш ва шунга ўхшаш чораларни кўриш орқали даромад топиш имкониятини яратиш зарур.

Учинчи тоифадагилар камбағалликка юз тутиши хавфи юқори бўлган қатлам. Булар кам даромадли ишчилар, касби замон талабига мос бўлмаган, ишдан бўшаб қолганлар, фаровонликка интилмайдиганлар. Бу тоифадагилар ўзларининг фаолият доирасини ўзгартиришлари лозим. Кам даромадли ишчиларнинг ўртача иш ҳақи меъёрларини кўтариш, қўшимча даромад топишга ундаш зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартиришга қаратилаётган фаолият етарли бўлмаётгандек назаримизда. Рақамлар салмоғи катта, ажратилаётган маблағлардаги ноллар сони кўп, бироқ натижа кўринмаётгандек. Нолли маблағлар сарфланмоқда, лекин қаёққа? Шунча маблағнинг натижаси яна нолга тенгми? Шу ҳолатда давом этадиган бўлсак, мамлакатимизда турли салбий оқибатлар юзага келиши мумкин эмасми?

Биринчидан, камбағал оилаларнинг азият чекиши, улар сонининг ортиши мамлакатда жиноятчилик ошишига олиб келиши мумкин. Одамлар пул топишнинг осон йўлини қидириб қолади.

Иккинчидан, аҳоли соғлиғи ёмонлашиб боради. Етарли даромад манбаига эга бўлмаган оилаларда озиқ-овқат билан таъминланганлик даражаси паст бўлади. Фақатгина қорин тўйса бўлди қабилида овқаланиш одатга айланади. Етарли овқатланмаслиги, гигиена талабларининг йўқлиги, тиббий хизматни ўз вақтида олиш ёки самарали дори-дармонларни олишга имкони бўлмаслиги, молиявий ресурсларнинг етишмаслиги, буларнинг барчаси камбағаллар орасида касалликларнинг кўпайишига олиб келади.

Учинчидан, камбағалликнинг юқори даражаси жамиятдаги ижтимоий вазиятни кескинлаштиради, ҳукуматга нисбатан ишончсизликни ошириб юборади.

Шу боисдан биз истардикки, ҳукумат ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли адо этсин, ҳар бир фуқаро устувор ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олсин, камбағалликни қисқартириш борасида халқаро меъёрлар асосида иш олиб борилсин.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, камбағалликни қисқартириш мақсадида алоҳида вазирлик ташкил этилган, бундан ташқари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳам асосий фаолияти шу йўналишга қаратилган. Демакки, ушбу вазирликларнинг эрта-ю кеч бош қотириши лозим бўлган масалалар – камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш. Бу икки вазирликнинг салоҳиятига ишонган ҳолда, тез орада ушбу масалаларда аниқ ва тизимли ёндашувлар асосида иш юритилади, деб умид қиламиз.


Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш