Халқнинг ҳаққини ўмараётганларни ким деймиз?

Яқинда айрим вилоятларда давлат томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштириб юборилиши юзасидан мақолалар, кўрсатувлар эълон қилинган эди. Бугун яна шу ҳолатларнинг такрорланиши, халқнинг хаққидан қўрқмаслик ҳолатларига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Бу нима дегани? Жойлардаги масъулларимизга нима бўляпти? Ёки қонунларимизни оёқ ости қилиш анъанага айланиб қолдими?

Кимдир бировнинг ҳаққига хиёнат қилса, кимдир кимнидир ҳақоратласа, яна бири давлат мулкини талон тарож қилади, яна бири коррупционер.

Бугун юзлаб миллионларни ўмарганлар бирма-бир фош бўлаётган бўлсада, бу ҳали хамир учидан патир эканлигини барчамиз яхши биламиз. Аниқ айтиш мумкинки, устомонларнинг кўпчилиги, катта наҳанглар сояда қолишмоқда.

Жорий йилнинг 30 июлдаги Президент фармонига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари («темир дафтар»)га киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Бунинг учун 200 миллиард сўм ажратилган. Албатта, бу пуллар қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб бериб қўйилмаган. Маблағни аҳолига етказииш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. Унга кўра, «Моддий ёрдам пуллари вилоят даражасида молиялаштирилгач, 4 та сектор раҳбари – вилоят ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ бошқармаси бошлиқлари мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари асосида нақд пулларни банкдан олиб, ўзларининг вертикалларидаги сектор раҳбарларига топширилади. Мазкур жараёнда вилоятдаги секторларнинг раҳбарлари шахсан иштирок этади. Пуллар давлатнинг ваколатли одамларига ишониб топширилди.

Бироқ куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва хабарларда биз давлатнинг ваколатли одамлари дея ишонган вакиллар томонидан яна қўрқмай халқнинг хаққига ҳиёнат қилиш ҳолатларига йўл қўйилгани айтилган. Мана бизнинг ишонган вакилларимиз.

Энди масалани бошқа томондан қарасак. 2020 йилнинг ярим йилида ҳукумат берган ҳисоботда давлат бюджетининг 78,7 фоизини солиқ ва шунга тенглаштирилган тўловлар ташкил этгани айтилган. Бу 45,8 триллион сўм дегани. Давлат бюджети – халқнинг бюджети. Шундай экан, давлат томонидан қайси соҳага маблағ ажратилмасин, бу халқ манфаати учун йўналтирилади ва бу маблағларнинг тўғри сарфланиши юрт келажагини белгилайди. Бемақсад сарфланган ҳар бир тийин ҳам халққа қилинган хиёнатдир.

Биз халқини сотганларни ватан хоини, деймиз. Халқ пулини ўмарганни ким деймиз? У ҳам ватан хоини эмасми? Очиқлик ҳақида гапира бошладик. Ҳар ким ўз фикрини бемалол баён қила олмоқда. Бироқ, бугун қонунни бузганларни, давлат мулкини талон-тарож қилганларга нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари очиқланмаётгани тушунарсиз ҳолат.

Қайсидир мансабдор тасаввур қилиб бўлмас даражадаги маблағни ҳеч иккиланмай ўзлаштириб юборади, бироқ оммавий ахборот воситаларида фақатгина уларни қилган ишлари юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади. Натижа эса эълон қилинмайди.

Биз ҳуқуқий демократик давлат қурмоқдамиз. Мамлакатда дини, эътиқоди, келиб чиқишидан қатъи назар, барча тенг ҳуқуқлидир. Шундай экан, қонунларимиз барча учун бирдек амалда бўлиши зарур.

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш