Аҳолини дори воситалари билан узлуксиз таъминлашга ким масъул?

 

Ҳозирги синовли даврда айрим дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг нархи асоссиз оширилгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Фуқаролар бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирмоқда, масъулларга шикоят қилмоқда. Мазкур вазият кишини ўйга толдиради. Бугунги оғир кунларда соғлом фикрли, диёнатли кишилар бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Саховатпеша инсонлар элнинг оғирини енгил қилиб, дуосини олмоқда. Афсуски, мушкул вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётганлар ҳам учрамоқда. Одамларнинг дарди, ташвиши ҳисобидан мўмай пул топишни ўйлаётганлар баҳосини халқ билади. Бу гуноҳнинг бадалини ҳам билади, деб ўйлаймиз.

Хабарингиз бор, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатларга мувофиқ, юқорида таъкидланаётган маҳсулотларнинг улгуржи ва чакана реализацияси, аҳолини хавфсиз ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш муносабатлари тартибга солинган.

Бироқ коронавирус пандемияси, айниқса, уйда даволаш ва профилактика масаласи жиддийлашгани сари дориларга бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Натижада сифатсиз, қалбакилаштирилган, республикамизда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ғайриқонуний тарзда мамлакатимизга олиб кириш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Энг ачинарлиси, айрим уддабурон “тадбиркор”лар дори воситаларининг сунъий тақчиллигини келтириб чиқармоқда. Нархларни ўзлари истаган даражада, ҳаттоки, 15-20 бараварга ошириш ҳолатлари кузатиляпти.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда аҳолининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминланиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни кучайтиришга бугун ҳар қачонгидан кўпроқ зарурият сезилмоқда. Бунинг учун аввало, аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ҳамда нархларнинг ошириб юборилишига йўл қўймаслик зарур. Мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда импорт қилинадиганларини юртимизга олиб келиш жараёнини ишчи гуруҳлар тузган ҳолда мониторинг қилиш, танқидий ўрганишимиз лозим.

Иккинчидан, мониторинг ва ўрганиш жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича давлатнинг тегишли идораларига таклифлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхатига киритилган маҳсулотлар устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз шарт. Уддабурон “тадбиркор”ларни инсофга чақариш учун кенг жамоатчилик ва депутатлар фаол иштироки талаб этилади.

Бундан ташқари, орамизда халқ манфаатини ўзиникидан юқори қўяётган фармацевт ва тадбиркорларимиз ҳам талайгина. Ўйлайманки, бундай фидойи инсонларга ўз миннатдорчилигимизни билдиришимиз, бошқаларга намуна қилиб кўрсатишимиз зарур.Шунингдек, халқ дарди билан яшаётган адолатли ва ҳалол фармацевт ҳамда тадбиркорларни қўшимча рағбатлантиришни ҳам ўйлаб кўрсак, фойдадан ҳоли бўлмасди.

 

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

← Рўйхатга қайтиш