Давлат-хусусий шериклик ривожланиши ижтимоий муаммолар ҳал этилишига ёрдам беради

 

Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, давлат ва хусусий секторлар ресурсларини бирлаштириш орқали жамиятдаги мавжуд бўлган бир қатор долзарб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар самарали ҳал этилади. Ушбу мамлакатларда, давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш иқтисодиётга хусусий инвестицияларни жалб қилиш, аҳолига тақдим этилаётган товар ва хизматлар сифатини ошириш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясидаги муҳим устуворликлардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда шиддатли равишда ва халқ манфаатини ҳисобга олган ҳолда, ҳар томонлама чуқур мантиққа асосланган ва тизимли равишда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, фуқароларнинг тадбиркорлик салоҳиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини оширишга қаратилган қонунлар, фармонлар ва қарорлар қабул қилинмоқда.

2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ва бугунги кунга қадар мазкур қонуннинг асосий меъёрларини амалиётга жорий қилиш бўйича муайян ишлар бажарилди. Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Давлат ва хусусий шериклигининг маълум йўналишларини ривожлантириш бўйича ўндан ортиқ тегишли қарорлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, мактабгача таълим, маданият ва санъат соҳаларида давлат-хусусий шериклик асосида қатор мақсадли лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлар қўйилди.

2020 йилда ҳам давлат-хусусий шериклигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президент 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида фаол инвестиция сиёсатини ривожлантиришда транспорт, энергетика, йўл қурилиши, коммунал хизматлар, тиббиёт, таълим соҳалари ва бошқа қатор тармоқларда давлат-хусусий шериклик механизмини кенг жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.

2020 йил 5 августда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат-хусусий шериклик масалаларнинг кўриб чиқилиши ушбу вазифалар ижроси самарадорлигини оширишда муҳим туртки бўлди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан давлат-хусусий шериклик асосида замонавий гемодиализ марказлари, онкологик беморлар учун радиотерапия марказларини ташкил этиш, Қамчиқ довонида янги тоннел қуриш, мамлакатимиздаги қатор аэропортларни “пакет принципи”да шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга доир муҳим топшириқлар берилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, йиғилишда Президентимиз томонидан бугунги кунда ўта долзарб бўлиб турган электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга сотишда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш топшириғи ҳам берилди. Дарҳақиқат, ушбу соҳада ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобатни таъминлаш орқали хизмат сифатини ошириш ҳамда маҳсулот таннархи ва йўқотишларни камайтириш мумкин.

Шунингдек, коммунал хўжалик соҳасидаги лойиҳалар синчиклаб кўриб чиқилиб, тармоқда олиб борилаётган ислоҳотлар деярли кўринмаётгани, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани ўринли танқид қилинди.

Ўзбекистон ХДП электоратининг ижтимоий манфаатлари нуқтаи назаридан қараганда, коммунал соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга бўлган эътиборнинг кучайиши муҳим аҳамият касб этади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, аҳолини электр энергия ва табиий газ, тоза ичимлик суви, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминоти, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчилар “табиий монополиялар” ҳисобланади. Бу соҳада рақобат муҳити деярли мавжуд эмас, хизматни етказиб беришнинг муқобил, замонавий шакллари қўлланилмайди. Натижада коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш, нарх-наво ва тарифлар орқали истеъмолчиларнинг елкасига юкланади. Бу баъзи иссиқлик тармоқларида, қозонхонадан истеъмолчигача бўлган оралиқда иссиқлик энергиясининг йўқотишлари 50 фоизни ташкил этади.

Биз видеослектор йиғилишида Президентимизнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳалари жадал амалга оширилиши ҳам бюджетга енгиллик бўлади, ҳам хизмат сифати яхшиланади, деган фикрига тўлиқ қўшиламиз. Мисол учун, мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган биргина канализация лойиҳалари учун 2 миллиард 600 миллион доллар талаб қилинади. Мазкур лойиҳа хусусий шериклар билан биргаликда амалга оширилиши, дарҳақиқат, бюджетга катта енгиллик беради, соҳага хусусий секторни кириб келиши эса рақобатни вужудга келтиради ва пировард натижада хизмат сифати ошади.

Ушбу йиғилишда билдирилган барча фикрлар ва хулосаларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини ривожлантиришда парламентнинг ролини ошириш билан боғлиқ бир неча масалаларга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, бу соҳада парламент ва депутатлик назорати самарадорлигини ошириш зурар.

Иккинчидан, ўтган икки йилда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг ижроси таҳлили, тегишли қонунчилик меъёрлари ва процессуал механизмларни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Масалан, ушбу Қонунда давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришда Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг ваколатлари аниқ белгиланган. Бошқа давлат органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат уларнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги тегишли битимлардаги иштирокига доир қисмларда белгилаб берилган. Қонуннинг ҳеч бир нормасида республика вазирликлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда жойлардаги турли давлат органларининг мутлақ ваколатига тааллуқли соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ташаббускори сифатида ваколатлари ва мажбуриятлари белгиланмаган.

Шу боис 5 августда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун ва ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини инвентаризациясидан ўтказиш, унинг якуни билан қонунчиликни такомллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, анъанавий соҳалар билан бир қаторда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини янги соҳаларга ҳам жорий қилиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Мисол учун, «Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйларида истиқомат қиладиган ёлғиз қариялар, ота-она қаровисиз қолган болалар, парваришга муҳтож бўлган ногиронлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида давлат-хусусий шериклик ва ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш масаласига партиямиз дастурида алоҳида эътибор қаратилган.

Айни пайтда партия фракцияси ва унинг ҳузурида ташкил этилган тегишли экспертлар гуруҳи бу йўналишда хориж тажрибасини таҳлилий ўрганмоқда. Ўрганишлар якунларига кўра, фракциямиз томонидан тегишли қонунчиликка партиямиз дастурий мақсадларини амалга оширишга хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.


Улуғбек ВАФОЕВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш