Экспорт кўпайса, ижтимоий муаммолар камаяди

 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноат корхоналарини ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар иқтисодиёт барқарор суръатлар билан ўсиши, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилади.

Айниқса, сўнгги вақтдаги пандемия шароитида Президентимиз томонидан ҳар бир оилада тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, тадбиркорларимизга преференциялар бериш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар имзоланди. Бу эса юртимизда тадбиркорлик субъектлари, янги иш ўринлари кўпайишига шароит яратмоқда.

Янги ташкил этилган МЧЖ, корхоналар, ЯТТ ва хусусий корхоналар кўп, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз маҳсулотини экспорт қилишдаги имтиёзлар ҳақида тўлик маълумотга эгами?..

Жойларда тадбиркорлик субъектлари билан бўлиб ўтаётган учрашувларда экспорт ва солиқ ушланмалари ҳақида муаммолар келиб чиқаётгани маълум қилиняпти. Экспорт тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмаслик сабаб қонунбузилиш ҳолатлари келиб чиқмоқда, натижада вақт ўтиб солиқ идораси томонидан катта миқдордаги солиқ тўловлари ундирилишига олиб келмоқда. Бу эса баъзи ҳолларда тадбиркорлик фаолияти тугатилишига ёки экспортни тўхтаб қолишига сабаб бўлмоқда.

Тўғри, солиқ ва божхона қўмиталари ўз ишини қиляпти, давлатга солиқ ва божхона тўловларини ундиряпти. Лекин имтиёзлар бор, кўп экспортёрлар эса булар ҳақида тушунчага эга эмас. Барча тадбиркор ҳам олий маълумотли юрист ёки мутахассис эмас, албатта.

Мисол учун, янги экспорт корхонаси очилди, агар корхона экспортни бошласа, 4 фоиз айланма солиқ ундирилади, лекин очилиши билан ҚҚС гувоҳномасини олса, ички обороти учун 15 фоиз солиқ ундирилиб, айнан экспортга тўғри келадиган улуши солиқ солишдан озод қилинади.

Албатта, жойларда тадбиркорлар учун семинарлар ташкил қилиняпти, аммо у ерга ҳам энг ривожланган тадбиркорлар таклиф этилади, янгиликлар қолганларга етиб бормайди. Натижада йирик корхоналар экспортни амалга ошира олади холос. Энди ривожланаётган кичик экспортёрлар эса тўлиқ маьлумотга эга бўлмайди ҳамда биринчи ҳисобланган солиқ тўловларидан қўрқиб, баъзилари ўз корхонасини ёпиб юборишади.

Шунинг учун Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда амалий семинарларни кўпатириш керак, деб ўйлайман. Семинарларда фермер ўз ерида етиштирган маҳсулотини экспорт қилса, кандай имтиёзлар берилади, агар МЧЖ томондан экспорт қилинадиган бўлса, кандай имтиёзлар берилади ёки солиқ тўловлари тўланади каби кўплаб саволларга жавоб берилиши, барча маълумот ва янгиликлар қўлланма шаклида, осон тушуниладиган ҳолатда тайёрланиб, экспортга интилувчи корхоналарга етказиб берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Янги экспортни бошлаган корхоналар, айниқса, якка тартибдаги тадбиркорлар ва хусусий корхоналар ҳақ-ҳуқуқлари, иимтиёзлар билан тўлиқ танишиб олсалар, ўйлаймизки, мамлакатимиз эскпорт салоҳияти янада ошади. Иқтисодиёт қанчалик бақувватлашса, ижтимоий муаммолар камаяди.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш