Сиёсатчиларнинг ёш, янги авлоди етишиб келмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилишининг бир қатор муҳим жиҳатлари бор, деб ўйлайман.

Аввало, бу ёшларга берилган катта имконият ва халқаро тажрибага мос амалиёт. Дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам Ёшлар парламенти аъзолари мавжуд.

Иккинчидан, парламентда мамлакат ҳаёти билан боғлиқ масалалар муҳокама этилаётганда ёшларнинг иштироки бўлиши, сўзи, фикри ҳисобга олиниши керак.

Учинчидан, давлат бошқаруви, демократик институтлар ривожланишининг мутлақо бошқача даврига кириб келинмоқдаки, бу даврга хос билим ва кўникмаларни чуқур ўрганган ёш авлод сиёсатчилари етишиши муҳим. Менимча, янги парламент ёшларга бу борада катта руҳий ёрдам беради.

Ёшлар парламентига ўтказилган сайлов жараёнларида айрим камчиликлар кузатилганини ҳам тан олиш, шу билан бирга, уларни тўғри қабул қилиш лозим. Чунки бу амалиёт Ўзбекистон тарихида биринчи марта рўй берди. Кейинги сайловларда хато-камчиликлардан тўғри хулоса чиқарилишига умид қиламиз.

Ёшлар парламентини шакллантириш билан боғлиқ масалалардаги мулоқотларда амин бўлдимки, юртимизда ўз фикри, позициясига эга янги авлод ўсиб келмоқда. Улар ижтимоий-сиёсий жараёнларга ўзгача руҳ ва шижоат олиб киришади.


Жаҳонгир Кабиржонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Ёшлар парламенти аъзоси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш