Эҳтиёжманд оилаларни қийин вазиятга тушиб қолишдан асрашимиз керак

 

Пандемия шароитида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилиб, кейинги вазифаларни белгилаб олиш жуда муҳим. Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда барча даражадаги депутатлик гуруҳлари онлайн йиғилишда шу масалани муҳокама қилди.

Маълумки, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирусга касалланганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Мазкур жараён барчамиздан ҳушёрлик ва огоҳликни янада кучайтиришни, карантин билан боғлиқ жорий этилган тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилган ҳолда доимий яшаш тарзимизни давом эттиришимиз лозим.

Партиямиздан Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда туман кенгашларига сайланган 64 нафар депутатга катта масъулият юкланади. Ижтимоий ҳимоя ишлари сифатли ташкил этилишида уларнинг хизмати катта бўлади.

Пойтахтимизда партиямиз фаоллари, депутатлар томонидан жорий йилнинг март-июль ойларида 8,5 мингга яқин оила ҳолидан хабар олиниб, улар учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар ва тиббий ниқоблар тарқатилган.

Шунингдек, карантин даврида партиядан сайланган депутатлар кўмаги билан пойтахтдаги 2310 нафар ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, уларга зарур бўлган амалий ёрдамлар берилди.

Йиғилишда келгусидаги муҳим вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Биринчидан, давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган моддий рағбатлаштиришларнинг шаффоф ва манзилли бўлишини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.

Иккинчидан, бозорлардаги озиқ-овқат ва аҳоли учун муҳим бўлган товар ва хизматлар нархлари асоссиз ўсишининг олдини олишда депутатлар ва партия фаоллари доимий саъй ҳаракатларда бўлиши муҳим.

Учинчидан, керакли дори-дармон нархлари устидан қонун доирасида доимий депутатлик назоратини кучайтириш керак.

Тўртинчидан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор бериб, бандлик марказлари билан доимий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги имкониятлар қидириб топиш зарур.

Пандемия шароитида кам даромадли, ишсиз, кўп болали оилалар ва боқувчисини йўқотган юртдошларимиз янада оғир турмуш шароитига тушиб қолишининг олдини олиш асосий инсоний вазифамиз, деб биламиз.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш