ЎзХДП фракцияси: Ишсиз ва камбағал фуқаролар фаоллиги давлат томонидан қўллаб-қувватланади

 

Эҳтиёжманд қатламни оғир турмуш шароитига тушиб қолишдан асраш, камбағал ва ишсиз фуқаролар меҳнат қилишини қўллаб-қувватлаш пандемия даврида дунёдаги энг долзарб вазифалардан бири сифатида кун тартибига чиқди.

Мамлакатимизда бу вазифани самарали бажариш, давлат ва жамият имкониятларидан тўғри фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Президентимизнинг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу йўналишдаги кенг қамровли ҳужжат бўлди, дейиш учун кўплаб асослар бор.

Ўйлаб кўрсак, ишсиз ва камбағал фуқароларни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўли уларнинг кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий билимларини мустаҳкамлаш ҳисобланади.

Қарорда бу йўналишда бир қатор долзарб вазифалар белгиланди. Хусусан, 2021 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказлари, бир ой муддатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, икки ой муддатда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этиладиган бўлди.

Бир неча йиллар давомида касб-ҳунарга ўқитиш бўйича давлат муассасаларига эътибор берилди. Лекин, тан олиш керак, бу борада нодавлат муассасаларига имкониятлар яратиш, уларни қўллаш жуда муҳим эди. Шунинг учун қарорда нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этаётган хусусий инвесторларга давлат ёрдами кўрсатилиши белгиланди.

Эндиликда, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари ёки уларнинг бир қисми ҳамда маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади. Уларга ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Касб-ҳунарга номига ўқитишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Натижадорлик асосий мақсад бўлиши муҳим. Шу боис, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олиб, WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчилар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан харажатларни қоплаш, субсидияларини ажратиш, ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш имтиёзлари қўлланилади. Яъни, касб-ҳунарга, ижтимоий-иқтисодий фаолликка интилган фуқаролар давлат маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.

WorldSkills стандартлари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилиши йўлга қўйилиб, касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестри шакллантирилади.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги бир ой муддатда “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларини сақлаш, қайта таъмирлаш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталарининг иш ҳақларини тўлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан қўшимча 150 миллиард сўм маблағ ажратади.

Касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари илғор тажрибалар, реал ҳаётдаги талабларга асосланган бўлиши жуда муҳим. Шунинг учун қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказилиши белгиланди. Бу танловлар натижасида энг яхши дастурлар юзага чиқади. Ғолибларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан қўшимча 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Меҳнат мигрантлари барқарор ишлаб кетиши, зарур кўникмаларини ривожлантириши – долзарб масала. Рақобатбардош ходим бўлиш учун бу жуда муҳим, албатта. Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кўпчиликни ташкил этаётган Россия Федерациясининг қатор ҳудудларида фуқароларимизни касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитишни ташкил этишга тайёргарлик кўрилиши ҳам белгиланди. Аҳамиятли жиҳати, ўқитиш харажатлари Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилди.

Қарорда яна кўплаб долзарб вазифалар белгиланди. Уларнинг сифатли бажарилиши эҳтиёжманд фуқаролар, яъни Халқ демократик партияси электорати вакиллари қўллаб-қувватланишига хизмат қилади. Партиямиз ишсиз ва камбағал фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, уларнинг дунёқараши ва турмушини ўзгартиришга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашда барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари билан бирга фаол иштирок этади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш