Ёшлар халқаро конвенция қабул қилинишини қўллаб-қувватламоқда

 

Жорий йилнинг 12 август куни — “Халқаро ёшлар куни” муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ўтказилган “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги Самарқанд форуми тарихий тадбир бўлди.

Самарқанд форуми БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Кенгаши каби қатор халқаро ташкилотлар иштирокида ўтди.

Тадбирда БМТ ва унинг бутун дунёдаги тузилмалари ҳамда бошқа ҳалқаро ташкилотлардан 13 нафар олий даражадаги вакил, 40 дан зиёд халқаро ва хорижий, 10 дан ортиқ миллий маърузачининг иштирок этиши, форумнинг юксак нуфузга эгалигини кўрсатади.

Самарқанд форумида Ўзбекистон ёшлари, жумладан, бухоролик Ёшлар парламентлари аъзолари, фаол ёшлар етакчилари ва ёшлар ташкилотлари вакиллари, ўндан ортиқ олий ўқув юрти ёш олимлари ва профессор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этди.

Форумнинг асосий мавзуси сифатида ёшлар ҳуқуқлари танланганлиги бежиз эмас. Айни пайтда жамиятда ёшларнинг тутган ўрни беқиёс бўлиб, уларнинг салоҳияти мамлакат иқтисодиётига ва жамият ривожига катта ҳисса қўшади, агар улар тўғри йўналтирилса, барқарор ривожланишнинг катализаторига айланади.

Форум давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшлар билан боғлиқ қандай муаммолар мавжудлигини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишнинг энг мақбул йўллари муҳокама қилинди.

Эътироф этиш жоизки, бугун мамлакатимизда ёшлар тақдирига ниҳоятда катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасидаги ташаббусларининг ўзиёқ бу эътибор ва ғамхўрликнинг нечоғли юксаклигини яққол намоён этади. Конвеция лойиҳасини ишлаб чиқишда бугунги кунда БМТ ва у билан боғлиқ халқаро тузилмалар томонидан ёшлар ва ёшлар сиёсатига оид 30 дан ортиқ универсал ҳамда минтақавий ташкилот доирасида 20 дан зиёд халқаро ҳужжат эътиборга олинди.

2001 йилда Жаҳон ёшлар стратегияси уларнинг дунё тараққиётидаги ролига эътибор қаратди. БМТнинг “Ёшлар — 2030” ёшлар стратегияси, Ёшлар сиёсати ва дастурлари тўғрисидаги “Лиссабон+21” декларацияси ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишда қўшимча имконият яратади.

Конвенциянинг асосий мақсади сифатида дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг барча энг яхши қизиқишлари, эркинлик ва ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда потенциалини мустаҳкамлаш мақсадларида халқаро, минтақавий ва миллий даражада ҳаракатларни кучайтиришни белгилаш таклиф этилган.

Форумда асосан Самарқанд резолюциясини қабул қилиш, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини БМТ низомий тузилмаларига ва инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталарига муҳокама этиш учун киритиш назарда тутилган.

Очиқ ва амалий мунозаралар руҳида кечган форумда иштирокчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб олдилар.


Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш