Муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш учун бирлашайлик

 

Президентимиз фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб бердилар.
 
Иқтисодиётни қайтадан жонлантириш, одамларнинг руҳиятини кўтариш, юзага келадиган муаммоли масалаларни тез фурсатда ва ҳамжиҳатликда ҳал этиш қайси соҳада ишлаётганимиздан қатъи назар, зиммамизга катта масъулият юклайди.
 
Синовлар ҳали ортда қолгани йўқ. Аксинча, барчамиз пандемия шароитида ишлашга ва яшашга ўрганишимиз талаб этилаётган муҳим кунларга яқинлашдик. Шифохоналар, тақсимот марказларида керакли ёрдам кўрсатиш учун имкониятлар яхшиланди. Бошқача айтганда, халқимиз, соғлиқни сақлаш тизими, бошқа соҳалар ҳам 4-5 ой ичида муайян тажриба тўплади, сабоқлар чиқаришга ҳам тўғри келди. Энди пандемиядан чиқиш, иқтисодиётни, одамлар турмушини изга солиш бўйича янада кенг қамровли ва масъулиятли паллада турибмиз.
 
Бизнингча, бу жараёнда айрим масалаларга алоҳида эътибор беришимиз керак бўлмоқда.
 
Биринчидан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга нисбатан аҳолининг тўғри тушунчаси ва муносабатини шакллантириш учун вазият бўйича ахборот-маърифат ишларининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чоралар кўриш зарур.
 
Айни дамда шуни эътиборга олиш керакки, кам таъминлаган ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари интернет, хусусан, телеграм каналлар орқали тарқатилаётган маълумотлардан фойдалана олишмайди. Уларнинг аксарияти компьютер техникаси ва мобил воситаларига эга эмас. Бундан ташқари, депутатлар билан жойларга чиққанда гувоҳи бўляпмизки, марказлардан узоқроқ ҳудудларда алоқа ва интернет сифати ёмонлашган. Мобил компаниялар, провайдер ташкилотлар бу масалага катта масъулият билан ёндашиши талаб этилмоқда.
 
Иккинчидан, реал вазият шундайки, қоғоз шаклидаги тарғибот, тушунтириш воситаларини кўпайтириш эҳтиёжи катта. Масалан, COVID-19 нинг енгил шаклини уй шароитида даволаш бўйича вақтинчалик клиник қўлланмани, унинг Беморлар ва уларнинг оила аъзолари учун тавсиялар бўлимини, “Коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш бўйича ижтимоий тавсиялар”ни, «Koronavirus Info» телеграм каналида жойлаштирилаётган муҳим маълумот ва материалларни буклетлар шаклида имкон қадар ҳар бир оилага етказиш муҳим.
 
Буни амалга оширишда оилавий поликлиникалар асосий бўғинга айланса, пандемиядан сўнг ҳам санитар меъёрлар ҳар бир оилада гигиеник маданият ошишига хизмат қиларди.
 
Учинчидан, ҳудудларда ҳокимликлар, тиббиёт ходимлари, бошқа мутасадди ташкилотлар билан аҳоли ўртасида хабардорлик, ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга эришишимиз лозим. Бу борада кейинги вақтларда муайян ўзгаришлар бўлди, яъни ҳокимлар ҳудуднинг бошқа мутасаддилари билан бирга телевидение орқали қисқа чиқишлар ташкил қилди. Лекин бу хабардорлик жараёнини бошқа ахборот воситалари, хусусан, телеграм мессенжери каналлари орқали мунтазам йўлга қўйиш чоралари кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлар, ёрдамга муҳтожлар мурожаатлари тезроқ масъулларга етиб борарди.
 
Тўртинчидан, пандемия даврида аҳолини нафақат моддий, шу билан бирга, руҳан қўллаб-қувватлашни кучайтиришни ҳисобга олиш долзарб аҳамиятга эга. Мисол учун, масофавий таълим ташкиллаштирилганидек, нафақат call-марказлар ҳузурида, балки миллий телевизион каналлар орқали ҳам профессионал психологларнинг маслаҳатларини кўпроқ ташкил этиш зарурати юқори.
 
Бешинчидан, ҳар бир сўм аҳамиятли бўлиб турган мураккаб пайтда маблағларнинг сарфланиш жараёнида инсон омилини максимал даражада камайтириш чораларини кўришни тезлаштириш жоиз. Пандемия даврида олинган сабоқлардан энг муҳимларидан бири шу масалада бўлди, дейиш мумкин. Тўғри, бу йўналишда давлатимиз раҳбари топшириқлари билан изчил ишлар бошланди, ягона реестр ташкил этилиб, бошқа чоралар ҳам кўриладиган бўлди.
 
Шу билан бирга, давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонунни парламентга киритиш, уни илғор дунё тажрибаси асосида маромига етказиш ишларини тезлаштиришимиз лозим.
 
Сабр-тоқат, қатъият, муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишга биргаликда интилиш ҳисси синовли кунлардан ўтишда ҳаммамизга куч-қувват беради.
 
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.
 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш