Малакали мутахассис камбағал бўлмайди

 

Тан олиб айтишимиз лозимки, биз шу кунга қадар мамлакатимиз аҳолиси орасидаги камбағалликни, бунинг ортида эса ишсизлик, меҳнат бозорининг йўқлиги, қолаверса, баъзи одамлар онгида боқимандалик кайфиятининг ўрнашиб қолганлиги тўғрисида гапиришга чўчидик. Бу борадаги асл сабабларни, ҳақиқатни, адолатли ечимни англаб етиб чора кўришга ўзимизда куч топа олмадик. Кимдир туртиб турмаса, ишлашни хоҳламадик.

Фаровон ҳаёт ҳақида улкан орзулар қилдигу, унга эришиш учун изланмадик. Бахт ва бойлик чинакам меҳнат ортида туришини унутдик. Камбағалга қайишишни, йиқилганни суяшни эсимиздан чиқардик. Баъзида адолат меъзонларини йўқотдик ёки уларни тан олмадик.

Ҳақиқат шундаки, бунинг барчасига ўзимиз айбдор, сизу биз сабабчи эдик. Буларнинг барчаси жойларда рўй бераётган коррупция ҳолатларини кўриб туриб кўрмаганликка олганимиз, адолат эгилган жойда томошабин бўлганимиз, таниш-билишчилик илдизига болта уролмаганлигимиз, ҳалол меҳнат қилганнинг қадрига етмаганимиз, фарзандлар ва Ватан тақдирига лоқайдлигимиз туфайлидир.

Энди бундай иллатларга йўл қўйиб бўлмаслигини бугун халқимизнинг ўзи тушуниб етмоқда. Соҳалардаги ислоҳотлар шиддати дунёқарашимизни, жамиятни ўзгартираётгани ҳам бор гап. Бугунги коронавирус пандемияси ҳам бошимизга синовлар келганида янада идрокли, кучли ва қудратлироқ бўлишимизга туртки берди.

Пандемия оқибатларини юмшатиш юзасидан давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилаётган чоралар эса юртдошларимизга ҳақиқий далда бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу саъйи-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ногиронлиги бўлган   шахсларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун қарор чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратган тадбиркорлик субъектларига кредит ва субсидиялар ажратиладиган бўлди. Шу билан бирга ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижий мамлакатларда ишлаш учун кетган ва “Iabor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари, хорижий тиллар ва касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун кетишдан олдин давлат ёки нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига, ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ташкилот ҳамда “Уста-шогирд” мактабларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир таълим олувчи учун бир ойда баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратиш белгиланди. Бу ўз навбатида банд бўлмаган аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ва юқори ҳақ тўланадиган, кафолатланган иш билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни давлат ёки нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида, бевосита ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ташкилот ҳамда “Уста – шогирд” мактаблари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида амалга оширишни назарда тутувчи таклифларга розилик берилиши иш излаб юрганларнинг малака ва кўникмаларини профессионал тарзда ошириш, демакки, меҳнат бозорига ўз ишининг усталари кириб келишига хизмат қилади.

Умуман мазкур ҳужжат келгусида фуқароларимизнинг касб-ҳунарни мукаммал эгаллашлари, ўзларининг тадбиркорлик кўникмаларини оширишлари, тил ўрганишлари ва ўзлари учун энг муносиб иш топишларида муҳим омил бўлади.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш