Умумий гапдан узоқроқ бўлиб, амалий натижа учун ишлашимиз зарур

 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлисида муҳокама этилган масалалардан келиб чиқиб, пандемия шароитида хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид 3 та муҳим йўналиш бўйича вазифаларни белгилаб олдик.

Биринчиси, карантин қоидалари юмшатилиши натижасида олдин йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик мақсадида хотин-қизлар ва ёшлар учун таъсирчан тарғибот воситалари, тушунтириш усулларини тайёрлаб, барча ҳудудлардаги хотин-қизлар ва ёшларга етказиш масаласи. Савол туғилиши мумкин, нима учун айнан хотин-қизлар ва ёшларга эътибор қаратилаяпти? Чунки карантин тартиб қоидаларини бузиш кўпроқ ёшлар орасида кузатилмоқда. Аёллар эса фарзандининг, қолаверса, ҳар бир оила аъзосининг соғлиги учун қайғурадиган, жавобгар шахс ҳисобланади.

Аёллар, оналар ёшларнинг заруратсиз кўчага чиқмаслиги, шифокорлар томонидан тавсия этилаётган карантин тартиб-қоидаларига риоя этишларини қатъий назорат қилсалар, улар нафақат оила аъзоларини, балки бутун ўзбек халқини вирусдан ҳимоя қилган бўлади. Шунинг учун ҳам ёшлар ва хотин-қизлар орасида алоҳида тарғибот-ташфиқот ишларини олиб боришимиз муҳим ҳисобланади.

Иккинчи йўналиш – ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш. Сир эмас, ҳозирги пандемия шароитида кўпгина оилалар ишсизликдан, иши тўхтаб қолганидан қийинчиликларга дуч келмоқда. Бундай вазиятда ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш оилалар даромадини оширишга хизмат қилади, албатта. Шуни ҳисобга олган ҳолда, партиямизнинг “Фаол аёллар” ва “Истиқбол” ёшлар қанотлари томонидан хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларни касбга ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш механизмларидан фойдаланишларига, оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмак берадиган лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилди.

Учинчи йўналиш - 2 ҳамда 14 ёшгача фарзандлари бор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бериладиган нафақалар устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришимиз лозим. Чунки давлат томонидан бола 2 ёшга тулгунга қадар тўланадиган нафақалар ҳар ойда 14-15 мингга кўпайтирилиб, йил охиригача 400 мингга, бола 14 ёшга тўлгунга қадар тўланадиган нафақалар эса йил охиригача 700 мингга етказилиши режалаштирилган. Ушбу маблағларнинг ўз эгаларига етказилиши устидан назорат ўрнатилиши шарт.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш