Темир дафтарнинг шаффофлиги қанчалик тўғри..?

 

Шу йил 30 июл куни давлатимиз раҳбарининг "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон имзоланди. Фaрмонгa мувофиқ, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва еҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдамни тарқатиш ташкил этилди.

Ушбу фармон асосида бюджетдан қўшимча 2 трлн сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 млн 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 млн 700 минг нафар нафақахўр ва 2020 йил якунига қадар 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда 4 та сектор вакиллари томонидан шакллантирилган ва юритилаётган “Темир дафтар” тизими айрим ҳудудларда аҳоли норозилигига олиб келмоқда. Хўш, бунга сабаб нима?

Норозиликларнинг асосий сабаби ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёни холис ва шаффоф бўлмаганида. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар пул ололмагани ёки кам пул олганидан шикоятлар тарқалди. “Шаффоф” деб айтилаётган “темир дафтарга” ўзи кимлар киритилган? Одамлар “темир дафтар”га ҳақиқатда камбағал ва кўмакка муҳтож оилалар четда қолиб, етарлича даромадга эга бўлганлар киритилганидан шикоят қилмоқда.

“Темир дафтар” — карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхати ҳисобланади.

Ушбу рўйхатда эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси, жумладан,

- кам таъминланган;

- ногиронлиги бўлган;

- ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;

- якка-ёлғиз кексалар;

- доимий ишсиз фуқаролар;

- карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;

- оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқаролар киритилади.

Мамлакатимизда маҳалла тизимининг обрўсини кўтариш, халққа янада яқинлаштириш бўйича барча шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Шунга қарамай маҳаллаларнинг аксарияти эскича иш услубидан воз кеча олмаяпти. Маҳалла идоралари ходимларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Уларда аҳоли билан ишлаш, конструктив мулоқот қилиш кўникмалари етишмайди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайишига олиб келмоқда. Одамларнинг маҳалла идораларига бўлган ишончи ва ҳурматига путур етмоқда.

Бу омиллар маҳалла идоралари вакилларининг малакасини ошириш “темир дафтар”ни қайтадан шакиллантириб, унда ҳақиқатдан ҳам аҳолининг камбағал ёрдамга муҳтож қисмини киритиш “темир дафтар”ни юритишда шаффофликни сақлаган ҳолда тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этишни талаб этмоқда.

Маъсул ходимлар ўзининг кунлик амалга оширган ишлари юзасидан “Темир дафтар”идаги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб бормоқда. Аммо “Темир дафтар”да умумий кўрсаткичлар эмас, балки ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси ва унинг ечимлари номма-ном акс эттирилиши керак. Бугунги пандемия даврида асосий мақсад - “Темир дафтар” рўйхатига тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини жорий йилда иш билан таъминлаб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш чораларини кўришдан иборат.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш