“Ёшлар парламентини қизғин ва қайноқ фаолият майдонига айлантирамиз!”

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламентига партиядан сайланган ёшлар билан илк учрашув видеомулоқот тарзида ўтказилди.

Видеомулоқотни партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди.

Партия етакчиси, аввало, ёшлар парламентининг илк аъзоларини ушбу ютуқ, юксак мақом ва имкониятга эришгани билан табриклади. Ўзбекистон ёшларининг парламентдаги вакили бўлиш масъулиятли вазифа эканини таъкидлади.

Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайланган 1600 нафардан ортиқ ЎзХДП депутатларига яна 48 нафар ёшларнинг қўшилгани партия учун катта куч ва имконият дегани.

– Халқ демократик партияси дастурида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ёшларнинг малакали таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масалалари партиямизнинг устувор вазифалари этиб белгиланган, – деди У.Иноятов. – Ёшлар билан боғлиқ асосий ғояларимиздан бири шуки, ижтимоий келиб чиқиши, шаҳарда ё қишлоқда яшаши, бойроқ ёки ўртаҳолроқ оиладан бўлишидан қатъий назар, қобилиятини юзага чиқариш, таълим олиш, касб танлаш, меҳнат қилишдек устувор ҳуқуқларини амалга оширишда ёшлар тенг имкониятларга эга бўлиши зарур. Ўйлаймизки, Халқ демократик партияси вакили сифатида Ёшлар парламентига аъзо йигит-қизларимиз бу ғояга хайрихоҳлик билдириб, фаол қўллаб-қувватлайди.

Ёшлар парламенти аъзолари ҳудудлардаги студиялар орқали кўнглидаги режалари, ўйлаб юрган ташаббуслари билан ўртоқлашишди. Жойларда йигит-қизларни ўйлантираётган муаммолар бўйича таклифларини баён этишди.

Видеомулоқот қизғин фикр-мулоҳазалар асосида ўтди. Йигит-қизлар Ёшлар парламенти қайноқ фаолият майдонига айланиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар қилишга тайёр эканликларини кўтаринки руҳ билан таъкидлашди.

Бизни кузатиб боринг. Видеомулоқотда Ёшлар парламенти аъзолари билдирган таклиф ва мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этилади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш