Дунёда энг гўзал инсон...

 

СЕН-ҚУДРАТ МАНБАИ, САОДАТ МАСКАНИ, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Дунё яралибдики, одамзод ҳурликнинг, озодликнинг ошиғи, мафтуни. Тарихдан маълумки, жами жангу жадаллар халқнинг эркинлигини, мамлакат мустақиллигини тортиб олиш ёки асраб қолиш учун олиб борилган. Одамнинг ҳам, халқнинг ҳам қадру қиймати унинг нечоғлик озод экани билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам «дунёда энг гўзал инсон — бу озод инсондир», деб бежиз айтилмаган.

Мустақиллик энг аввало тинчликни кафолатлади, инсон ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлади, фуқароларимиз саломатлиги ва фаровон ҳаёти билан боғлиқ ҳолатларни яхшилашимизга имкон яратди. Инсон ҳуқуқи ва халқнинг иродаси олий қадрият эканини анг­латди ва англатмоқда.

Бугун мамлакатимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Айни пайтда барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси бебаҳо неъмат бўлган мустақиллик шарофатидандир.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жабҳаси йўқки, унда мустақиллик шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаёти, орзу-умидларида мустақиллик акс этмаган бўлса. Мус­тақиллик бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди.

Айниқса, қўшни республикалардан Ўзбекистонга келган ва шундан буён доимий истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш, йиллар давомида инсонларнинг хақ-ҳуқуқларини камситилишига сабаб бўлган прописка  тизимидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши Ўзбекистондай жаннатмакон юртимизда нақадар олий бахт эканлигидан далолат.

Мустақиллигимизнинг сўнгги уч йили давомида фуқароларимизга яратилган имконият ва шароитларнинг чеки йўқ. Ҳудудларда фуқароларимизнинг ва тадбиркорларимизнинг  йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларига самарали ечим топиш мақсадида, “Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналари” ташкил этилди. “Mening fikrim" веб-порталини ишга тушириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш хам фуқароларимизда Президентимизга ва  ҳукуматимизга бўлган ишончни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Маҳаллий ҳокимият тизимида секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Янги тизим ташкил этилганига уч йилга яқин вақт ўтди. Мана шу даврда аҳоли билан ишлашнинг бутунлай янги тартиби жорий этилди. Ушбу тизимнинг ички механизми ва имкониятлари пандемия шароитида синовдан ўтди ва ўзининг ҳаётийлиги ва самаралилигини яққол исботлади.

Фуқароларимизга ҳужжатлар билан ишлашда қулайликлар яратиш мақсадида Давлат хизмати агентлиги ташкилланди. Ҳудудларда Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этилиши ҳам мустақиллигимиз даврида тадбиркорларимизга яратилган кенг имкониятлардан биридир.

Фарғона вилояти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан мамлакатда иккинчи ўринда туради. Бунда Қўқон эркин иқтисодий зонасининг улуши ҳам салмоқли. Бу ерда бугунга қадар умумий қиймати 228.7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 84 та инвестицион лойиҳа жойлаштирилди.

Амалга оширилган 43 та лойиҳа натижасида Қўқон ЭИЗ иштирокчилари томонидан 2020 йилнинг январь-июль ойларида 830,7 млрд. сўмлик ёки 80,6 млн. доллари миқдорида маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 15,9 млн. АҚШ долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилган. Лойиҳалар натижасида 2552 та янги иш ўрни яратилди. Бундай мисолларни биргина Фарғона вилояти мисолида кўплаб келтириш мумкин.

Азалдан халқимиз олтину тиллолар учун эмас, эрки учун курашган халқ. Қатағон қурбонлари бўлган, айни йигитликнинг ўт паллаларида тафаккур ва қалб ҳурлигининг ёрқин намуналарини яратган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир ва бошқа маърифатпарварларимиз ҳам мана шу халқнинг эрки учун курашиб, шу йўлда жоннисор бўлиб кетдилар.

Шундай экан, ота-боболаримиз орзу қилган мана шундай эркин кунларни, юртимиз Мустақиллигини қадрига етиб яшашимиз, уни асраб-авайлашимиз зарур.

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш