Хотин-қизларга имтиёзлар беришни назарда тутган ҳужжатга ўзгартириш киритиш керак(ми?)

 

Маълумки, кейинги 3 йил ичида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларнинг яшаши, меҳнат қилиши, ўқиши ва касб танлаши учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди. Шундай имтиёзлардан бири жорий йилнинг 23 июнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида назарда тутилган.

Хўш, бу тартиб барчага бирдек маъқул тушдими? Ушбу Қарордаги айрим мушоҳадали томонларига тўхталмоқчиман.

Низомда назарда тутилган тоифаларга кирувчи хотин-қизлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлим ва бошқармалари масъуллари билан ўтказган суҳбатларимизда, шунингдек, ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлардан маълум бўлдики, юқоридаги Низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига эҳтиёж мавжуд.

Биринчидан, тавсиянома олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига кераксиз маълумотномалар ҳам киритилган. Жумладан, маълумотнома (объективка) нима учун керак? У бирор ташкилотга ишга кирмаяптику.

Иккинчидан, хотин-қизлардан мактаб, лицей ёки коллежни тугатганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам талаб қилинаяпти, ахир диплом ёки аттестат етарли эмасми? Коллеж, лицей ёки мактабни 10-15 йил олдин тугатганлар архивма-архив юриб сарсон бўлган ҳолатлар ёки 3-4 йил олдин коллежни тугатганлар ўқиган коллежлари ёпилгани учун овора бўлиши аниқ.

Учинчидан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари эшиги олдида бугунги карантин даврида, яна иссиқда қанчадан-қанча инсонлар турна қатор навбатларда туришди. Айримлар ҳужжатларида камчилиги борлар қайтарилиб, бир неча бор қайта- қайта келиб ҳужжат топширишига тўғри келди. Бундай оворагарчиликларни олдини олиш мақсадида онлайн ариза бериш усули қўлланилгани маъқул эмасми?

Тўртинчидан, ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш муддатларида ҳам номутаносибликлар мавжуд. Яъни ҳужжатлар 10 июлга қадар қабул қилинади дейилган. Лекин номзодларнинг ҳужжатларини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимлари 8 июлгача вилоятга, вилоятлар эса 10 июлгача вазирликка топширади дейилган. Унда 8-10 июль кунлари ҳужжат топширганлар тақдири нима бўлади? Бундай тушунмовчиликлар ҳам кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

 Яна бир асосий жиҳати шундан иборатки, ҳужжатларни қабул қилиш бўйича жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳларига ҳам бу тартиб айрим тушунмовчилик ва ноқулайликларни келтириб чиқарган. Жумладан, тавсияномалар бериш сони чекланмаган, лекин грантлар сони чекланган. Республика бўйича жами 940 та ўрин ажратилган, аммо тавсиянома олган хотин-қизлар сони 17970 (Давлат тест маркази сайтидан олинган, “тўлиқ киритилмаган” деган изоҳ ҳам берилган) нафарни ташкил этган. Демак, бир ўринга 19 киши тўғри келаётганини билдиради. Бу дегани 17030 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўнгли ўксик хотин-қизларга бир қатор ноқулайликлар яратади. Уларнинг идорама-идора юриб, ҳужжатлар йиғиб сарсон бўлгани қолади. 17030 кишида ишончсизлик, норозилик ҳислари уйғонади.

 Буни биргина Навоий вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, республика бўйича жами 940 та ўриндан 28 таси Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келади. 28 та ўрин учун қарийиб 820 дан ортиқ олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш истагида бўлган хотин-қизлар томонидан ишчи гуруҳларига ариза билан мурожаат қилинган. Ушбу аризалардан 663 таси қабул қилинган, 1 та ўринга 23 киши тўғри келмоқда. 157 та ҳужжат Низом талабларига тўғри келмаганлиги учун қайтарилган.

Келгусида балким, тавсияномалар бериладиган тоифаларни ихчамлаштириш ёки камайтириш масалалари кўриб чиқилиб, ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалардаги фақатгина иқтидорли йигит-қизларга тавсияномалар бериш тартиби ишлаб чиқилса адолатдан бўларди, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, мазкур Қарор кечроқ қабул қилинганлиги туфайли, аҳоли орасида унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришга фурсат етмади. Энг ачинарлиси, мазкур қарор асосида фарзандимни олий таълим муассасасига ўқишга киритаман деган ота-оналар ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини яхши тушунмасдан, унинг бандларини уқмасдан ажрашишга ҳам улгуришди.

Шунингдек, ушбу имтиёз олий таълим муассасаларининг фақат кундузги таълим йўналишларига берилаяпти, лекин турмушга чиққан, оилали 1-ёки 2 та фарзанди бор хотин-қизларга кундузи ўқиш учун имкон ва шароити етмаслиги ҳам бир муаммо ҳисобланади.

Аслида ушбу имтиёзнинг берилиши хотин-қизларга берилиши ижтимой ҳимояга муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқаришда муҳим аҳамият ксб этади. Яъни ушбу оиладаги хотин-қизларга олий маълумот ва мутахассислик бериб, келгусида ўз соҳаси бўйича ишлаб, оиласини боқиш, оилани иқтисодий таъминотига ҳисса қўшиб, уни кам таъминланганликдан яхши таъминланган оилалар қаторига қўшишдан иборат.

Лекин яна бир мушоҳадали томони шундаки, қизлар олийгоҳни тугатиб-тугатмай турмушга чиқиб кетади, ёлғиз она ёки ишламайдиган, ногирон ота-она эса тавсиянома асосида ўқиган қизини узатишади, натижада у бошқа оилага фойда келтиради. Ота-онаси эса яна кам таъминланган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтожлигича қолаверади. Агарда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги йигитларга ҳам ушбу имтиёзлар берилса, оиласига, ёлғиз ёки ногиронлиги бўлган ота-онасига унинг кўпроқ нафи тегади.

Бу билан хотин-қизларга Олий таълим муассасаларига киришлари учун берилаётган имтиёзлар бекор қилинсин, деган фикрдан йироқман. Асл мақсад имтиёзлар халққа кўпроқ наф келтирсин, камбағал, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар эса камайсин.

Барча ҳужжат, яъни Қонун ва Қарорлар амалиётга татбиқ этигандан кейин, ундаги камчиликлар кўзга ташланади ва ўша ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж сезилади. Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига ҳам кейинги ўқув йилигача ўзгартиришлар киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш