Фақат қонун матнини эмас, муаммоли тартибни ўзгартириш зарур

 

Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги мажлисида кўпчиликни йиллар мобайнида ўйлантириб, қийнаб келган масалалар ечимига қаратилган қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Инсон ҳуқуқи, хусусан, унинг мулк ҳуқуқи билан боғлиқ ваколатларнинг битта орган ёки мансабдор қўлида тўпланиб қолиши ҳея қачон яхши оқибатларга олиб келмаган. Эҳтимол шунинг учундир кейинги йилларда ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига алоқадор кўнгилсиз воқеалар ҳақида турли маълумотлар тарқалмоқда.

Аслида бу муаммо узоқ йиллардан бери сақланиб, илдиз отиб келаётган эди. Бошқарув ва қарорлар қабул қилишда шаффофликка эришишга қаратилган ислоҳотлар натижасида эски муаммо юзага қалқиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури асосида ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси қийин масалага ечим топишда мутлақо янги даврни бошлаб бериши кутиляпти.

«Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги мазкур қонун лойиҳасида ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш назарда тутилмоқда.

Бу ҳаммаси эмас. Шунингдек, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш масалаларида ҳам ҳокимларнинг ваколатларини чеклаш белгиланяпти.

Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига берилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига асосан корхоналарни (ташкилотларни) давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиш таклиф этилмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, ер участкаларининг ҳокимликлар қарори асосида қонунчиликка зид тарзда олиб қўйилиши, мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши аксарият ҳолларда иш ҳақидан бошқа даромади йўқ фуқароларнинг қийинчиликларга тушиб қолишига ҳам сабаб бўлиб келмоқда. Нотўғри ёки ноқонуний қарорлардан ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли фуқаролар кўпроқ азият чекади. Ваҳоланки, нотўғри қарорлар қабул қилинишига уларнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмайди. Шу боис фракция юқоридаги янги меъёрларни тўлиқ қўлашини билдирди.

Қолаверса, янги жорий этилаётган тизим ишончли бўлиши учун Маҳаллий Кенгашларнинг мустақиллик тамойили асосида қарорлар қабул қилиши учун кенгроқ шароит яратиш зарурлиги таъкидланди. Ҳоким маҳаллий Кенгашнинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир эта олса, қонунлардаги ўзгаришларнинг таъсири ҳаётда кам сезилиши, айрим меъёрлар умуман бесамар кетиши мумкин, дейишди депутатлар.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш