Синовли кунларда саховатли инсонлар ибрати

 

Мана олти ойдирки, ер юзида коронавирус пандемияси давом этиб, кўзга кўринмас бир зарра олдида олам аянчли ларзага тушмоқда. Энг ачинарлиси, вирус билан касалланганлар сони тобора ортиб бормоқда. Коронавирус жаҳон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир ўтказди. Мамлакатимизда пандемия оқибатида юзага келган вазиятни юмшатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Карантин сабабли аҳолини ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайди. Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам берилди, ёш болалари бўлган оилаларга нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш муддати яна олти ойга танаффуссиз давом эттирилиши белгиланди. 2020 йил охиригача ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби 20 турдаги асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Ана шундай оғир дамларда одамларимиз ҳам жипслашиб, бир-бирини суяшга, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётгани қувончли, албатта. Халқимизнинг тарихий қадриятлари меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилиятлари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида намоён бўлмоқда.

Ҳаммамиз гувоҳи бўлдикки, саховатпеша инсонлар кўп экан. Ёрдам қўлини чўзишга чўзишга қурби ва имконияти етган кўплаб юртдошларимиз пандемия сабабли вақтинчалик даромадини йўқотган, қийналиб қолган оилаларга озиқ-овқат, дори-дармонлар етказиб бермоқда. Ҳатто, озгина имкони борлар ҳам савоб йўлида уйидаги чорвасигача сотиб, қийналган инсонларга ёрдам берди.

Сирдарё ва Бухоро вилоятларида юз берган табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда ҳам саховатли инсонларимиз қандай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганини яхши биламиз. Қилинган бу яхшиликлар бир неча бор зиёда бўлиб қайтади, албатта. Бундай бағрикенг одамлардан ўрнак олсак арзийди.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида Шарифа она Эшназарова Ҳаж сафари учун йиғиб қўйган 30 миллион сўм пулни маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатганини эшитмаган одам бўлмаса керак. Шарифа она ҳадя этган маблағга боқувчисини йўқотган маҳалладошлар Д.Шербоева, Н.Орипова, I-гуруҳ ногирони Ш.Намозбоев, II-гуруҳ ногирони Б.Тошбоевнинг оилаларига бир бошдан қорамол олиб берилган эди. Шундай саховатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак оз.

Албатта, меҳр дунёни қутқаради, дейишади. Жипсликда, бирдамликда ҳар қандай балони енгамиз.

 

Сайёра Файзиева,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати.

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш