Пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганиш: Самарқанд вилоятидаги вазият муҳокама этилди

 

2020 йил 21 август куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси видеомулоқот тарзида бўлиб ўтди. Сессияда вилоят фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик депутатлари видеомулоқот орқали масофадан туриб иштирок этди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этиши зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши юзасидан вилоят аҳлига мурожаати тўғрисидаги масала сессия кун тартибидан ўрин олди.

Сессияни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кириш сўзи билан очди. Карантин юмшатилгани билан касаллик хавфи барча жойларда ҳали ҳамон юқорилигича қолаётгани, талаб ва қоидаларга қатъий риоя қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов сўз олди.

Парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари карантин талаблари юмшатилиши жараёнида таълим муассасаларининг очилиши, умумий овқатланиш шохобчалари, бозорлар, йирик савдо мажмуалари фаолиятини қайта тиклаш масаласи турганини қайд этди.

Бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар, шифокорлар, таълим муассасалари раҳбарлари, мутасаддилар, умуман, барчамиз масъулиятни зиммамизга олишимиз керак. Маълум бўлишича, бугунги кунда Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган 1245 та умумий ўрта таълим мактабларидан 332 таси (26 фоизи)да ичимлик суви ташиб келтирилади. Бу кўрсатчич Булунғурда 85, Қўшработда 67, Пайариқда 66 фоизни ташкил этади. Мактабларга сув етказишда узилишлар бўлса, ўқувчилар орасида вирус тарқалмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шундан келиб чиқиб, барча даражадаги депутатлар ва ижро ҳокимияти вакиллари ушбу масалани яхши англаб олиши ва ҳал этиш чоралари кўрилиши керак, деди У.Иноятов.

Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиязовнинг ахбороти эшитилди. Қайд этилдики, вилоятда аҳолининг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда яшаши ва меҳнат қилиши, тўғри овқатланиши, умуман олганда соғлом турмуш тарзига амал қилиши, шунингдек, аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Вилояда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида вилоят штаби туну-кун фаолият олиб боряпти.

Республика махсус комиссиясининг июль - август ойларида жорий қилинган карантин чекловлари натижасида ҳозирги кунда вилоятда коронавирус билан касалланиш даражаси анча камайганлиги сезилди.

Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари спорт мажмуасида ташкил қилинган 1080 ўринли тақсимлаш маркази бугунги кунда беморларга самарали хизмат кўрсатаётгани таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи яқин кунларда Ургут тумани 500 ўринли ҳамда Каттақўрғон шаҳрида 200 ўринли ва Самарқанд шаҳарида 500 ўринли тақсимлаш марказларини ташкил қилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминлаб ишга тушириш режалаштирилганини алоҳида қайд этди. Айни кунда вилоятда коронавирусга қарши курашишда 15 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширалар жалб этилган.

Бугунги кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказлашган тартибда беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларига қиймати 20 млрд. 880 млн. сўмга тенг бўлган 50 турдаги 1598 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Шунингдек, 1220 дона кислород баллонлари, 75 та кардиомонитор, 2000 та бобров аппарати, 1500 та пульсоксиметр, 872 та кислород консуллари, 140 та кислород консентраторлари, 1000 та кислород найчалари олиб келинди.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида 83 дона “Damas”, 10 дона “Volkswagen” ва 2 дона “Isuzu” русумли махсус автомашиналари учун жами 10 млрд. 799 млн сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, вилоят СЭОМ га ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш доирасида хизмат қилиши белгиланган 27 та Дамас автомашиналари олиб берилди.

Дори-дармон заҳираси учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 5 млрд. сўм ажратилди. Ушбу маблағлар Республика Дори-дармон жамиятига кўчириб берилган бўлиб, керакли дори-дармонларнинг 3 ойлик захираси яратилди.

Коронавирус инфекцияси билан оғриган бемор аҳоли орасида аниқланганда, беморни стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида вилоят бўйича жами 72 та мобил гуруҳлар шакллантирилди ва тез тиббий ёрдам машиналари туну-кун фаолият олиб боришлари учун бириктирилди. Тез тиббий ёрдамга телефон қўнғироқларини сони ошиб кетганлиги сабабли телефон аппаратлари ва диспетчерлар сони 8 тадан 24 тага купайтирилди. Бундан ташқари, 1105 қисқа рақамли CALL маркази тиббиёт институти қошида ташкил қилиниб, аҳолига онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди

Карантин қоидаларининг юмшатилиши бу карантин тугади ёки чекловлар бекор қилинди, дегани эмас. Биз бу тушунчани барчага етказиш чораларини кўраяпмиз. Эҳтиёткорликни янада кучайтириб, захира имкониятларимизни тобора ошириб боряпмиз. Яна бир муҳим жиҳат: аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратяпмиз, деди соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Сессияда корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда, маиший хизмат кўрсатувчи объектларда, савдо дўконларида, умумий овқатланиш объектларида карантин талаблари доирасида фаолиятини ташкил қилишини ўрганиб бориш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришда депутатлар ва ижро ҳокимияти вакилларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Муҳокамалар жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида сессия қарори қабул қилиниб, вилоятда амалга ошириладиган бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш