Оила саришталиги, фаровонлиги кўпроқ аёлларга боғлиқ

 

Ўзбекистон ХДП тизими ва сафидаги хотин-қизларни аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш йўлида жипслашиб, ўз ҳиссаларини қўшишга чақирмоқчиман.

Муҳтарама  Аёллар!

Биздан яхшилик қолсин, савоб олайлик. Қандай қилиб дейсизми? Сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ҳозирги пандемия шароитида имкон қадар интернет орқали опа-сингилларимиз, дугоналаримизга, ёш қизларимизга, рўзғор тутиш, тадбиркорликни бошлаш, ўз томорқасида ишлаш орқали оиласи фаровонлигини таъминлаш, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича  ўзимизнинг тажрибаларимизни ўртоқлашиб, тавсияларимизни бериб борайлик.

Чунки оила фаровонлиги, рўзғор бутлиги, саранжом саришталиги, озодалиги, фарзанд тарбияси, ҳаттоки оила бошлиғининг самарали ишлаши ҳам асосан аёлга боғлиқ. Аслида аёл эпли бўлса, ҳам ўзи ишлайди, ҳам рўзғорини бекаму кўст юритади, турмуш ўртоғининг топиб келганини тўғри йўналтириб, тўғри тақсимлаб, тўғри сарфлайди, бир сўз билан айтганда, бундай  оилада йўқчилик бўлмайди.

Бугун ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш борасида кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Бу қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлашда ҳар биримиз фаол иштирок этайлик. Оиланинг яхши яшаши ёки камбағал бўлишида ҳам аёл албатта муҳим роль ўйнайди. Йўқдан бор қила оладиган аёллар ҳам жуда кўп, лекин бунинг акси, борини ҳам йўққа чиқарадиган аёллар ҳам бор. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган  2 та ҳаётий мисолни келтириб ўтмоқчиман.

 Бир оилани биламан, шаҳарда кўп қаватли уйларда яшайди. Оила бошлиғи яхши лавозимларда ишлаган, яхши мутахассис, топиш-тутиши ҳам яхши эди, ўзига яраша обрў-этиборли инсон. Аёли ҳам оддий ишчи бўлсада ишлаган. Лекин аёлнинг рўзғор тутиши пала партиш, эрининг топиб келганини режали ишлатмас, бўлар-бўлмас нарсаларга сарфлаб, кўп исрофгарчиликка йўл қўяр эди.  Яхши –ё мон куни, фарзандлар келажаги учун оз-оздан жамғариб боришни хаёлига келтирмасди ёки фарзандларининг билим олиши, ҳунар ўрганишига йўналтирмасди.

 3 нафар фарзандни вояга етказишди, эр-хотин пенсияга чиқишди. Лекин, оқибатда бир амаллаб, қарзга ботиб, фарзандларини уйлантириб, турмушга узатишди. Ҳозирда 2 та келин, 4 та невара, жами 10 киши давлат томонидан берилган 3 хонали уйда қийналиб яшаб келишмоқда. 38 йиллик турмушларидан на биронта уй, на биронта машина орттира олишолмади. Онани тарбиясини олган фарзандлар ҳам топганини ўзидан орттира олмаяпти. Келинлар ҳам қайнонадан ранг олаяпти. Хуллас бу оила камбағалликка юз тутди. Бундан хулоса шуки, аёлнинг сариштаси – рўзғорнинг фариштаси.

Иккинчи мисол, бир оила кенг ҳовлида, 3 хонали уйда қишлоқда истиқомат қилади. Ёши 65 дан ошган она, 3 ўғил, 3 келин ва 5 невара билан яшайди. Ҳовлининг тўрт девори  йиқилай-йиқилай деб турибти. Ҳовлига қараб бўлмайди, на томорқа, на тозалигига. Деразанинг роми бор, ойналари йўқ. 6 нафар тани жони соғ, қўл-оёғи бут келин ва ўғиллар хеч қаерда ишламайди, онанинг пенсия пули билан кун кечиришаяпти.  Мавсумий у бу иш чиқиб қолса, ўғиллар ишлайди, бўлмаса йўқ.

Яна маҳалла, давлатдан кўп нарса талаб қилишади. Бу ҳолатга изоҳнинг ҳожати йўқ бўлса керак. Улар билан суҳбат чоғида шуни англадимки, улар замондан анча орқада қолган, интилиш, ҳаракатдан асар ҳам йўқ. қҚип-қизил дангасаликка юз тутишган.

Хўш, бу оиланинг шундай аҳволга тушиб қолишида айб кўпроқ кимда? Тўғри, аёлда, онада. Биринчидан, фарзандларини шундай инсон қилиб вояга етказган, қиз, келинларини рўзғор тутишга ўргатмаган. Бундан келиб чиқадики, қизларимизга ёшлигидан рўзғор мактабини ўргатишимиз шарт экан.

Юқоридаги ва шу каби оилаларга нима тавсиялар берган бўлардик?

Биринчидан,  10-12 сотихлик ердан унумли фойдалана олса, мана шу ер бир оилани боқади ва ортгани сотишга ҳам етади.

Иккинчидан, тўрт мучаси соғ, 3 та дангаса келинга қайнона ўргатмас экан, биз жамоатчилик буларга таъсир ўтказайлик. Тозалик, саранжом саришталик ҳеч қандай маблағ талаб қилмайдику. Битта супурги, бир челак сув, бир парча мато билан тозаликка эришса бўладику.

Учинчидан, 3 та алп келбатли ўғлонлар наҳот йиқилиб, вайрона бўлиб ётган деворни лой қориб, ғишт солиб, уни тера олишмайди? Бу дангасакликми ёки уқувсизлик?

Тўртинчидан, қорамол, қўй, қуён, товуқ боқиб ҳам бу ердан фойда олса бўладику. Ана шундай ишларни бошлаши учун аҳолига давлат томонидан ёрдамлар кўрсатилаяпти, имтиёзли кредитлар ажратилаяпти.

Бундай оилаларни камбағалликдан чиқариш учун сизу биз, кенг жамоатчилик олдида турган вазифалар нималардан иборат?

  • МФЙлар билан ҳамкорликда шундай оилалар рўйхатини шакллантириб, маҳалла, депутат ва партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантириб, режа тузган ҳолда навбат билан улар хонадонига ташриф буюриш керак. Уларга оддий уй-рўзғор тутиш, тозаликка риоя этиш, томорқада ишлаш каби йўналишлар бўйича йўл-йўриқ кўрсатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилса, ҳоҳиш ва имконияти бор инсонларга, аёлларга қорамол, қўй, қуён, товуқ ёки тикув машинаси, мини печлар олиб беришда кўмак берилса;
  • Тадбиркорлик қўлидан келадиганига ҳудудлардаги “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” билан партия ташкилотлари ҳамкорлигида уларга бизнес режа тузиш, кредит олиш, тадбиркорликни бошлаши, ишлаб чиқилган маҳсулотларини реализация қилишга ёрдам берилса;
  • шунингдек, маҳалладаги сариштали, эпли, ўзини-ўзи банд қилган аёллар билан тез-тез мулоқотда бўлишлари учун шароит яратиб берилса, тажриба ўрганиш, рўзғор тутиш сирларини ўргатиш учун уларнинг уйларига ташрифи ташкил этилса;
  • ушбу хонадонлар оталиққа олиниб, назорат қилиб борилса, токи изига тушиб олгунча вақти-вақти билан ҳолидан хабар олиб турилса камбағал оилалар сонини камайтиришга энг муҳими оилалар фаровон яшашашига ҳисса қўшган бўлар эдик.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш