Мустақилликка – 29 йил: Юксак марраларга қанот бўлган айём

 

Мана 29 йилдирки, миллатнинг, халқимизнинг орзу-ҳаваслари, режалари, ютуқлари дунё ҳамжамияти билан ҳамоҳанг, ҳамнафас одимламоқда.

Айниқса, охирги тўрт йилда Ўзбекистон ўзининг буткул янги қиёфаси ва янги имкониятларини намоён қилмоқда. Мамлакатимиздаги очиқлик ва шаффофлик сиёсати жаҳон жамоатчилигининг эътиборини Ўзбекистонга қаратди. Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги марраларини забт этиш йўлидаги улкан режаларини қатъият ва азму шижоат билан эълон қилди.

Давлат бошқарув идоралари пастга тушиб, оддий халққа яқин борди. Раҳбарлар ўзидан манманликни ҳайдаб, одамларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишни ўрганди. Президентимиз тимсолида оддий одамлар назари ва тасаввуридаги ҳақиқат, адолат тушунчалари халқ турмушида ўз аксини топа бошлади.

Армонга айланган орзулар ушалмоқда. Ҳаммаси кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Сўз эркинлиги ва ҳукумат фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда. Қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, матбуот хизматлари, блогерларнинг эркин фаолияти таъминланаётгани айниқса, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имиджини тубдан ўзгартирди.

Сўнгги йилларда олий таълим соҳасининг ислоҳ қилинаётгани ҳам халқимизнинг кўнглидаги гапдир. Бошқа мамлакатда ўқиш, ўқишни юртимизга кўчириш каби ишлар ҳам соддалаштирилмоқда. Жаҳоннинг нуфузли олий таълим даргоҳларининг филиаллари юртимиздаги вилоятларда, чекка ҳудудларда ҳам ташкил этиляпти. Бунга Сурхондарё вилоятида кўп йиллар давомида биргина Термиз давлат университети фаолият юритгани, ҳозирда эса вилоятда бешта олий таълим муассасаларида таълим олиб борилаётгани ёрқин мисол бўла олади. Умуман қайси соҳани олиб қарамайлик, ҳар бирида янгича ёндашув, янгича муносабатларни кўрамиз.

Келажакка умид ва ишонч билан энг улуғ, энг азиз айёмимизни қарши олаяпмиз. Буюк аллома Ал Ҳаким ат-Термизий «...Инсон ниятни йўқотмаслиги керак», деганлар. Ҳа, биз улуғ ниятлар билан келажак сари бораяпмиз, жуда кўп эзгу орзу-умид уруғларини қадаганмиз. Улар ўзининг дастлабки нишоналарини кўрсатмоқда. Бу ниҳоллар “бехато” камол топишида уларга ҳар биримизнинг меҳр-эътиборимиз бўлиши, парваришида юрак-юракдан ҳиссамиз қўшилиши зарур. Шунда янгиланаётган Ўзбекистонимиз янада янги марраларни забт этаверади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш