Маҳаллий Кенгаш котибияти амалда ҳокимият таъсирида қолиши эҳтимоли юқори. Аммо...

 

Парламент қуйи палатасида «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.

Унга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техник ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказиш, котибият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланяпти.

Котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори
ва моддий-техника таъминоти, шунингдек, уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши назарда тутиляпти.

Айтиш керакки, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техник ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратининг фаолиятига хос бўлмаган вазифа эди. Ушбу меъёр орқали нафақат ҳокимликлар аппаратлари бу вазифадан соқит бўлмоқда, балки мазкур тартиб яқин истиқболда маҳаллий Кенгашлар ишини кучайтиришга хизмат қилади.

Хўш, қандай қилиб? Очиғини айтиш керак, шу пайтгача маҳаллий Кенгаш иши ҳокимликларнинг аппарати томонидан юритилиши депутатларнинг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Янгитдан жорий этилиши кутилаётган тартиб орқали депутатлар ўзларини ҳокимликдан айри, алоҳида орган вакили эканини ҳис этади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати кучайиишида ҳам бунинг аҳамияти катта, деб ўйлайман. Бу билан давлат идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги янада ошади.

Яна бир муҳим томони, халқ депутатлари Кенгаши депутатлари ўз вақтида зарурий ҳужжатлар, ахборот ва маълумот материаллари билан таъминланади. қотибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланиши демократик принциплар ҳурмат қилинишига хизмат қилади.

Фракциямиз фикрича, бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, яқин истиқболда маҳаллий Кенгашлар фаолияти учун янада кенгроқ, халқаро тажрибага ҳар томонлама мос келадиган шароит яратилиши мақсадга мувофиқдир.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техник ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилиши қайсидир маънода халқ вакиллари фаолиятида эркинликни таъминлашга хизмат қилади. Бироқ, маҳаллий Кенгаш котибияти ҳам барибир амалда ҳокимият таъсирида қолиши эҳтимоли жуда юқори.

Лойиҳа яхши, албатта. Унга бир гуруҳ депутатлар ташаббускор бўлгани алоҳида эътиборга молик. Депутатлар яхши ташаббусларда бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси муаммоларни тизимли ҳал этишга хизмат қилиши зарур. Маҳаллий Кенгашларда қарорлар қабул қилиш сифатини ошириш учун янада кенгроқ ўзгартириш ва янгиликлар керак.

 

Ўрал Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш