Мустақилликнинг 29 йили: Иқтисодий эркинлик мўъжиза яратади

Мустақиллик нафақат маънавий-руҳий, балки иқтисодий томондан ёндашганда ҳам буюк тушунчадир. Юртимиз табиий ресурслар ва бошқа кўплаб имкониятларга бой мамлакат. Бу бойликлар аввало халқимизга, фарзандларимиз ва келажак авлоднинг дунёдан ортда қолмаслиги, фаровон яшаши учун сарфланиши керак. Мустақиллик ўз бойликларимизга ўзимиз эгалик қилиш имкониятини берганини ҳам мудом эсда сақлашимиз лозим, деб ўйлайман.

Аммо бор ресурслар ва имкониятлардан оқилона, самарали фойдаланишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун режа ва дастурларни узоқни кўзлаб амалга ошириш талаб этилади. Инвестиция ривожланиш, олға юриш учун йўналтирилмаса, натижаси ҳам омонат бўлади.

Шу маънода инсонни ўстириш, иқтисодий фаолликка интилишини қўллаб-қувватлаш, қобилияти ва режаларини рўёбга чиқариши учун имконият яратиш жуда катта аҳамиятга эга масала. Чунки фуқаролари ўзини иқтисодий жиҳатдан эркин ҳис этмайдиган давлат бора-бора боши берк кўчага кириб қолади.

Кейинги йилларда ана шу муҳим масалада қатор ютуқларга эришилди, тўғрироғи, узоқ кутилган ўзгаришлар амалга оширилди.

Биринчи ютуқ, шубҳасиз, конвертация масаласининг босқичма-босқич ҳал этилиши бўлди. Бу ҳам давлатга, ҳам фуқароларга, қўшимчасига дунёнинг бизга бўлган муносабатига ижобий таъсир кўрсатди.

Бунинг натижасида иқтисодиётга оғир юк бўлиб келган, коррупцион ҳолатларнинг ҳаддан ортиқ кучайиб кетишига олиб келган икки-уч хил ўлчовлардан қутулдик. “Расмий курс”, “кўча курси”, деган, қолоқ давлатлардагина учрайдиган тушунчалардан узоқлашдик.

Иккинчи ютуқ, республика бўйича нақд пул муомиласи изга тушди. Очиғини тан олиш керак, бу халқимизни қийнаб келган, иш ҳақи ёки нафақасидан бошқа даромади бўлмаган аҳоли қатламининг қадрини ерга урган қўрқинчли муаммо эди. Банк пластик картасига нафақаси тушган ёлғиз отахон уни нақдлаштириш учун дўконма-дўкон сарсон юрарди. Нақдлаштириш фоизлари 10, 15, ҳатто ундан ҳам юқори бўларди.

Минглаб оилалар, миллионлаб юртдошларимиз кўп-кўп қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келди. Бу “фоиз”лар иқтисодиётда ҳам ёмон асоратлар қолдириб келаётганди.

Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, кейинги йилларда пенсияларни тўлиқ нақд пулда беришга эришилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида молиявий муносабатларни эркин амалга ошириш учун банкоматлар ўрнатилмоқда, банкдан нақд пул олиш муаммоси енгиб ўтилди. Чекловлар, ҳар хил сунъий тўсиқлар бирма-бир олиб ташланмоқда. Кредитларни онлайн олиш, электрон харидлар ва бошқа молиявий муносабатларни юмшатиш бўйича ҳали олдинда вазифалар кўп, тўхтаб қолишга, хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ.

Ортимизда қолганларга қараб хулоса, олдимизда турганларга интилиб мақсад қўйишимиз керак, деб ўйлайман. 

Иқтисодий эркинликнинг қудратини ҳис қилган инсонлар турли соҳаларда янгидан-янги имкониятларни қидириб топишга, кутилмаган лойиҳаларни амалга оширишга, катта-катта қўшимча қиймат яратишга қодир бўлади. Ана шундай инсонлар кўп яшайдиган мамлакат жуда тез ривожланаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган, аниқ режалар тузилган. Мустақиллик байрамимизнинг қутлуғ 30 йиллик санасини нишонлаётганимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, фуқаролар учун қулай муҳит яратиш борасидаги ютуқларимиз янада кўпроқ бўлади, деб ишонаман.

 

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш