Аҳоли ижтимоий муҳофазаси изчил таъминланяпти

 

Давлат ва жамият мустақиллиги – муқаддас тушунча. Фуқаролари инсон сифатида эмин-эркин яшаб ўтиши, орзу-мақсадларига етиши аввало давлат мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир. Давлат мустақиллиги халқ, миллат мустақиллигининг бош кафолати сифатида эътироф этилади.

Шунинг учун ҳам “Сен – қудрат манбаи, садоқат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳар қандай синовларни енгиб ўтишимизда барчамизга чексиз куч беради.

Жамиятда соҳа ва тармоқлар бир-бирига уйғун тарзда ривожлангандагина муваффақиятлар мустаҳкам бўлади. Битта соҳадаги ютуқлар бошқаларига ҳам куч беради, айни пайтда, битта тармоқдаги муаммолар бошқа йўналишдаги ислоҳотларга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яъни, ҳеч бир давлат бир томонлама ривожлана олмайди. Ўсиш, юксалиш ҳар жиҳатдан уйғун бўлиши муҳим. Шу маънода ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами жамият ҳаётидан узоқлашиши ёки четлашишига йўл қўйиб бўлмайди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимоя тушунчасига ёндашув ана шу нуқтаи назардан бутунлай ўзгараётганининг гувоҳи бўляпмиз. Инсоннинг ижтимоий ҳолати, жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, аввало унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Турли сабаблар билан оғир вазиятга тушиб қолган, аммо керакли ёрдам ва қўллаб-қувватлов кўрсатилса, ҳаётини изга сола оладиган фуқароларга ҳам муносабат тубдан ўзгармоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган Ўзбекистон Республика­сини янада ривожланти­риш бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борадаги кенг қамровли ислоҳотлар манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур тарихий ҳужжатнинг «Ижтимоий соҳани ривожлантириш», деб номланган тўртинчи йўналишда аҳоли бандли­ги­ни таъминлаш, фуқаро­ларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг сало­мат­лигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масала­лари бўйича ҳам муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Экспертларнинг хулосаларига кўра, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ ислоҳотлар жуда кенг қамровли ёндашувни талаб қилади, ўзгариш ва янгиликларни бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳа ва тизимда амалга оширишга тўғри келади. Чунки ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли бир қатор тоифаларга бўлинади. Уларнинг ҳар бирига мос ёрдам кўрсатиш давлатдан катта вақт, ресурс ва узвий саъй-ҳаракатни талаб қилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро аввало ҳақ-ҳуқуқи ҳимояланишга эҳтиёж сезади, унинг сўзи, мурожаати ваколатли раҳбарлар ва идораларга етиб боришини истайди. Инсоннинг қўли калталиги ёки бошқа имкониятлари чеклангани унинг ҳуқуқлари чекланишига олиб бормаслиги зарур. Ижтимоий ҳимоя бўйича дастлабки муҳим ўзгариш мана шу масалада бўлди.

“Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича улкан ишлар бошланди. Халқ билан мулоқотга асосланган янги тизим йўлга қўйилди. Бунинг натижасида аввало эҳтиёжманд аҳоли қатлами ҳокимлик, суд, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа кўплаб вазирлик-идораларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига келиб тушаётган 1 миллиондан зиёд мурожаатларнинг катта қисми ҳимоя ва ёрдамга муҳтож фуқаролардан эканини ҳисобга олсак, қанчадан-қанча муаммоли ҳолатларга ечим топилаётгани, ҳуқуқ ҳимоясини таъминлаш бўйича янги даражага чиқилгани аён бўлади.

Халқ билан мулоқот тизими тўхтаб қолмайди. Давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида эшитиш йўлга қўйилади. Натижада муҳтож ёки эҳтиёжманд фуқаролар тингланади, уларнинг давлат ва жамиятдан узоқлашишига йўл қўйилмайди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши масаласида йиллар давомида кўплаб масалалр йиғилиб қолган эди. Президентимизнинг тегишли фармони билан Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур асосан ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, бундай шахсларни ишга жойлаштириш, улар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш йўналишларида ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг яна шундай тоифалари борки, улар турли сабаблар оқибатида оғир яшаш шароитига тушиб қолишган. Бундай оилаларда ўсаётган болалар табиийки яхши таълим, тўғри тарбия олиши қийин. Шунинг учун ресурслар чекланган бўлишига қарамай, кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадал тўлаб берилди. Уй билан бирга, муҳтож оилаларнинг ишга лаёқатли аъзолари ишга ҳам жойлаштирилмоқда. Яъни, оиланинг яшаш манзили билан бирга, турмуш тарзи ҳам ўзгариши учун шароит яратилмоқда. Алоҳида қайд этиш керакки, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бундай шакли ўзига хос янгилик ҳам бўлди.

Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар бошлангани энг аҳамиятли йўналиш бўлганини қайд этиш зарур. Камбағал оила ҳолатини яхшилаш, ўзгартириш аввало бу оила нега бундай вазиятга тушиб қолганини аниқлаб, шунга мос ёрдам кўрсатиш билан амалга ошириладиган бўляпти.

Мамлакатимизда, турли ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг 12-15 фоизи камбағал, бу 4-5 миллион кишини ташкил этади. Дастлабки таҳлиллар кўрсатишича, етарли даромадга эга бўлмаган оилаларда камида бир нафар ишга лаёқатли фуқаро яшайди. Агар уларга касб-ҳунар ўргатилса, ўз ишини юритиши учун кўникма берилса, оилаларнинг камбағалликдан чиқиш имкониятлари ўз-ўзидан ошади. Энг муҳими, бундай оилаларда ҳаётга тўғри муносабат шаклланади, боқимандалик кайфияти йўқолади. Фақат бунинг учун давлат томонидан тизимли ёрдам ва қўллаб-қувватлаш зарур.

Шу мақсадда мамлакатимизда Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тузилиб, бир неча йўналишларда амалий ишлар бошланди. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият мазкур йўналишдаги ишлар аҳамиятини янада оширди.

Ҳозирги кунда “темир дафтар”га киритилган 401 мингга яқин эҳтиёжманд оиладаги 472 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлигида тармоқ вазирлик ва идоралари томонидан секторлар кесимида Манзилли режа ишлаб чиқилган. Пандемия шароитидаги қийинчиликларни ҳисобга олиб, қарийб 700 минг кишини ташкил этадиган 182 мингдан зиёд оилага 1 миллион сўмгача ёрдам пули берилди.

Афсуски, пандемия билан боғлиқ вазият қандай давом этиши номаълум. Бундай ҳолатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш катта аҳамиятга эга. Шу боис Президентимизнинг яна бир фармонига асосан «темир дафтар»га киритилган муҳтож оилаларнинг ҳар бир аъзоси учун 220 минг сўмдан ажратилди. Умуман, жорий йилда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун жами 8 трлн. сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Пандемия даврида ижтимоий ёрдам олувчилар базаси ҳам сезиларли даражада кенгайди. Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 14 ёшга тўлмаган болали эҳтиёжманд оилалар сони йил охирига келиб 2 бараварга кўпаяди, 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа олишга муҳтож оналар сони 20 фоизга ўсади. Моддий ёрдам олаётган кам таъминланган оилалар сони 100 мингтага оширилади. 2020 йилнинг охирига қадар ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,2 миллионга, 2021 йилда эса 1,5 миллионга етиши кутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда, янги мазмунга эга бўлмоқда. Партиямиз, барча даражадаги депутатлик бирлашмаларимиз янги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва уларнинг муваффақиятли бўлиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш