Бандликка оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

 

Сўнгги 20 йилда мамлакатимиз меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробар (8,8 миллион нафардан 13,5 миллион нафарга), иш берувчилар сони 4,5 баробар (203,2 мингтадан 928,9 мингтага) кўпайди.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, 1998 йилда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатига тўла жавоб бера олмай қолгани англашилади.

Амалдаги қонунда меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги воситалари, хусусан, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш стажини ҳисобга олишда янги ахборот тизимларидан фойдаланиш кабилар акс этмаган.

Шунингдек, амалдаги қонун замонавий шароитларда самарасиз бўлган, эскирган норма ҳамда қоидаларни ўз ичига олган. Шу боис, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозори ва меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний тартибга солиш зарурати туғилмоқда.

Янги таҳрирдаги қонуннинг номи “Аҳоли бандлиги тўғрисида” деб номланади. У тўғридан-тўғри амал қилувчи хусусиятга эга бўлиб, 3 та қонун, Президентимизнинг 12 та фармон ва қарорида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган. Унда 19 та боб ва 129 та модда (амалдаги қонунда 34 та модда) бор.

Меҳнат органлари томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турлари кенгайтирилди, шунингдек, ишсиз деб ҳисоблаш, ишсизлик даврида ижтимоий кафолатлар ва компенсация бериш тартиблари қайта кўриб чиқилди ҳамда соддалаштирилди. Банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил, ҳаволаки нормаларсиз баён этилди.

Алоҳида янги бобда фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги, моддий ва ижтимоий ҳимояси каби комплекс масалалар акс эттирилди.

Янги қонунга ишга жойлаштириш, иш стажини ҳисобини, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизимини жорий этиш бўйича нормалар киритилмоқда. Улар бандликни таъминлашни зарурий шарти ҳисобланади. Чунки ходимларни ёллаш, малакасини баҳолаш, ошириш, сертификатлашга бўлган талабларни аниқлаш, шунингдек, меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради. Айниқса, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида жуда муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш имконини яратади.

Айтиш лозимки, қонунда киритилаётган янги нормалар талайгина. Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахсларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилиши белгиланган. Унга кўра, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахслар учун хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтмаган ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган шахсларга берилади. Ушбу гувоҳнома жисмоний шахснинг мурожаати асосида, унинг хоҳишига кўра, бир ойдан ўн икки ойгача бўлган муддатга тақдим этилади.

Вақтинчалик меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш даври, меҳнат фаолияти бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида амалда бажарилгани ёки бажарилмаганидан қатъи назар, пенсияни тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Ўзини ўзи банд қилиш тартибидаги меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Маҳаллий меҳнат органлари камида олти ой амал қиладиган муддатга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилган шахсларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун тижорат банкларига тавсиялар беради.

Маҳаллий меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнат асбоб-анжомларини, шахсий ҳимоя воситаларини ва иш кийимини имтиёзли ижарага бериши мумкинлиги ҳам янги қонунда белгиланмоқда.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш