Мукофот бу – аввало, масъулият дегани

 

Ёшларга эътибор – келажакка эътибор, дейишади. Уларга елкадош бўлган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган мамлакатнинг эртаси ёруғ бўлади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда баркамол авлоднинг билим ва иқтидорини юксалтириш, интилувчанлиги ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Истеъдодли, интилувчан ҳамда юртимиз ривожи йўлида муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшларнинг интилишларини муносиб рағбатлантириш давлат мукофотларининг таъсис этилгани уларга янгидан-янги қирраларни очди. Ҳар бир ҳудуддан 2 нафар фидойи ва жонкуяр ўғлонларимиз «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланиши ёшларни қўллаб-қувватлашда яна бир муҳим қадам бўлди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари қарори билан 28 нафар дунёқараши кенг, ташаббускор йигитлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Навоий шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Суҳроб Хайдаров ва Тошкент тиббиёт академиясининг талабаси Ҳусен Эгамовнинг борлиги бизни қувонтиради. Чунки улар ўз тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган ёшларимиздандир.

С. Хайдаров нафақат республика балки халқаро доирасида ўтказилган тадбир ва танловларда фаол қатнашган. У 2019 йил Сербия давлатида бўлиб ўтган ҳалқаро “RoboBrain” танловида фаол иштирок этиб, юртимиз шаънини ҳимоя қилган. Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳрида ҳалқаро “Кампус-2019” “Робототехника” турнирида 3, Венгрия давлатиниг Дъор шаҳрида бўлиб ўтган “WRO-2019” ҳалқаро “Робототехника” олимпиадасида Осиё минтақаси бўйича фахрли 1-даражали диплом билан тақдирланган. 2020 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Start tech” ҳалқаро меетингда 2019 йил мобайнида “Энг ёш ихтирочи” номинациясини қўлга киритган. Россия Федерациясида бўлиб ўтган ҳалқаро “Робототехника” ва ВР олимпиадасида 70 давлат орасида 3-даражали диплом билан тақдирланиб, финал босқичига йўлланмани қўлга киритган.

Ҳусен Эгамов Нурота туманида туғилган бўлиб, ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси талабаси. У 2018 йил Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрида ўтказилган 29-халқаро биология фан олимпиадасида иштирок этиб, 78 та давлат ичидан фахрли 4-ўринни эгаллаган. Биология фани бўйича таълим муассасалари ўртасида Америка Шаҳид Беҳишти университетида ўтказилган мусобақада сертификат билан тақдирланган.

2019 йил Венгрия Республикаси Сегенд шаҳрида 77 та давлат орасида биология фанидан ўтказилган 30-халқаро олимпиадада бронза медалини қўлга киритган.

Албатта, ёшлар қалбида жўш урган бугунги ғурур уларни катта мақсадлар сари янада дадил интилишга чорлайди.

Ушбу мукофот билан тақдирланган ёшларимизни чин қалбимиздан самимий табриклаймиз.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш