Муҳтож оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандлари учун бир марталик моддий ёрдам ажратилади

 

Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемияси одамлар соғлигини, ҳаётини хавф-хатарга қўйиш билан бирга, иқтисодиёт соҳаларига ҳам катта зарба берди. Оқибатда миллионлаб одамлар ишсиз қолди, кунлик пул топиб рўзғор тебратадиганлар даромадидан айрилди. Умуман олганда, минг-минглаб оилаларда иқтисодий танглик юзага келди.

Мамлакатимизда пандемиянинг илк кунлариданоқ аҳолини, хусусан, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилаларни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Бу борада бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори оғир турмуш шароитига эга кўплаб оилаларни қўллаб-қувватлаш учун яна бир асос бўлди. Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат туйғулари ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Инсонийлик қадриятларини ўзида яққол ифода қилган мазкур қарорга кўра, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давом эттирилади ҳамда муҳтож оилаларнинг болалари қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминланади.

Жумладан, 2020 йилнинг сентябр ойида “Темир дафтар”га киритилган, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, шунингдек, ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Қарорда ажратиладиган маблағларнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга мақсадли ва манзилли етказилиши юзасидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари зиммасига алоҳида масъулият юкланган.

Албатта, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон Президентимиз ҳамда давлатимиз ҳимоясида. Пандемия шароитида вақтинчалик даромадини йўқотган, қийналиб қолган фуқароларимиз ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги, фарзандларини хурсанд қилиши учун ушбу маблағлар ўз вақтида манзилига, эгасига етказилиши керак. Бу ҳар бир мутасадди раҳбар, фаоллар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш