Ватан юрак билан севилади

 

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”

Мен баландпарвоз гапларни ёқтирмайман. Лекин ватан ҳақида гап кетар экан, ҳар бир сўз маъносиз, жумлалар ғарибдек туюлаверади. Қанча таърифласам, тавсифласам ҳам камдек туюлаверади.

Ёзганларимиздан кўнглимиз тўлмай, янада чиройлироқ сўзлар қидира бошлаймиз.  Ҳа, ватанни мадҳ этмоқ учун сўз бисоти ҳам камлик қилади. Негаки, ватан сўз билан эмас, қалб билан, юрак билан севилади. Унинг ҳар қаричи кўзни ёғду мисол қамаштиради, дилга ором, кўнгилга ғурур бағишлайди.

Биз онамизни нима учун яхши кўрамиз? Жавобимиз оддий, онамиз бўлгани учун. Она қонидан қон, жонидан жон бериб фарзанд яратади. Фарзандини улғайтиргунча не-не машаққатларни бошидан кечиради, оромидан кечади. Шунинг учун хам онага бўлган муҳаббат бошқача, юракнинг туб-тубигача ин қурган бўлади. 

Ватан  ҳам шундай. Бизни бағрида асрайди, авайлайди, ғамхўрлик қилади. Йиқилсанг суяйди, хато қилсанг кечиради. Яхши яшашинг, фаровон турмушинг учун шароит яратишга, сени бахтли, саодатли кўришга интилади. Тинчлигингни, хотиржамлигингни ҳимоя қилади.

Буни бугун бутун дунё бошига ташвиш тушган кунларда янада чуқурроқ ҳис қилдик. Дунёнинг турли бурчакларидаги фарзандларини олиб келиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлари кўриб, бу жонсаракликни худди онамизга ўхшатмадикми?

Йиллаб ўзга юртларда сарсон юрган, бир бора эсламаган, бир бора йўқламаган фуқароларини олиб келиш, уларни бағрига олиш, асраш учун қилинаётган ҳаракатларнинг иқтисодий томонларини ҳеч ўйлаб кўрдикми? Йўқ. Буни худди оддий бир ҳолдек қабул қилаяпмиз. Ватан муҳаббати ҳам онамизникидек, соф, беминнат ва безаволдир.

Онамизнинг олдидаги қарзимизни ҳеч қачон узолмаганикдек, Ватан олдида ҳам бурчлимиз. Ундан қарзимиз кўп. Туғилганимизда тетапоя қилдириб, сўнг нафасимиз етганида бағридан жой берадиган, ҳокимиз- ҳокига қўшилиб кетадиган ҳам шу қутлуғ заминдир!

Инсоният ҳамиша онаси олдида фарзандлик бурчини адо этишга интилиб келган. Уни кўнглини кўтаришга ҳаракат қилган, дуосини олган. Ватанимизнинг ҳам кучига куч, қудратига қудрат қўшиш, уни гуллаб яшнатиш, дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига қўшиш ҳар биримизнинг инсоний, фуқаролик ва фарзандлик бурчимиз эмасми?

Она ҳаққини ҳеч қачон адо қилиб бўлмайди. Ватан учун ҳам ҳар қанча интилса кам. Унга муносиб бўлиш, ҳақиқий фуқоросига айланиш, уни ҳамиша ҳур ва озод кўриш, тинчлигини, осойишталигини сақлаш инсонийликнинг муҳим мезонидир. Ҳар қарич ери муқаддас бўлган тупроқни бус бутунлигича фарзандларимизга мерос қолдириш ҳаммамизнинг, ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Зеро, биздан озод ва обод Ватан қолсин!

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш