Муҳтожлар учун ғамхўрлик

 

Кам таъминланган оилаларда тарбияланаётган 16 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорда таъкидланишича, бу иш “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини давом эттириш ҳамда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Қарорга асосан, 2020 йилнинг сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларнинг, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Бугунги Пандемия шароитида бутун дунёда ишсизлар ва ёрдамга муҳтож аҳоли сонининг ўсиб бориши кузатилмоқда. Бундай шароитда халқпарвар давлат ва жамиятлар ёрдамга муҳтож аҳолисини ўз ҳолига ташлаб қўймайди, албатта.

Янги ўқув йили бошланиши арафасида кўплаб эҳтиёжманд, карантин шароитида даромадидан айрилган, доимий даромадга эга бўлмаган ота-оналар болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотиб олиб бериш масаласи ўйлантириши табиий. Сўнгги икки ҳафта ичида ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилалар билан суҳбатда энг асосий муаммо шу эканлиги кўп кузатилди. Болаларга янги ўқув йили учун мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотиб олиш учун моддий имконият йўқлиги аниқланган. Айни шундай вазиятда Президентимизнинг ушбу қарори кўплаб ота-оналарнинг кўнглини ёриштирди.

Қарорда назарда тутилган маблағларнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга мақсадли ва манзилли етказилиши бўйича биз депутатлар назоратни кучайтириб, қарор ижросини тўлақонли таъминлашда жонбозлик кўрсатишимиз лозим. Зеро, фарзандга эътибор – келажакка эътибор!

 

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ,

Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш