Мустақилликнинг 29 йили: Яшнаётган замин, ҳаётидан рози одамлар

 

Ҳаммамиз байрам кайфиятида юрибмиз. Бу айёмнинг ҳаётимиздаги ўрни, қадри жуда баланд. Бу йил мустақиллигимизнинг 29 йиллигини ана шундай хуш-хурсандчилик, шодиёна билан нишонлаяпмиз. Шу дамларда истиқлол сўзининг нақадар улуғлиги, юракка яқинлигини янаям чуқурроқ ҳис этамиз.

Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида истиқлол шукуҳини, манзарасини сезиш қийин эмас. Айниқса, кейинги 3-4 йил мамлакатимизда янги ўзгаришлар, ислоҳотлар йили бўлди.

Ана шундай юксалиш ва тарихий янгиланишларни Сурхондарё воҳаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Кейинги йилларда вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳри бунёдкорликлар майдонига айланмоқда, ислоҳотлар жадал тус олган.

Бугунги кунда вилоятимизда мактабгача таълим ташкилотлари сони 721 тани ташкил этиб, уларга 72 338 нафар болалар қамраб олинган. Уч йил олдин боғчалар сони бор йўғи 288 та бўлган.

Ёки 2017 йилда воҳада умумтаълим мактаблари 823 та бўлиб, айни вақтда 926 та мактаб фаолият олиб бормоқда. Вилоятда бор йўғи битта Олий таълим муассасаси – Термиз давлат университети бўлиб, 2017-2020 йиллар давомида яна 5 та олий ўқув юрти ташкил этилганлиги воҳа ёшларини беҳад хушнуд қилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида истиқомат қилаётган 2 млн. 640 нафардан ортиқ аҳолига 284 та даволаш профилактика ва ёрдамчи ҳамда 251 та хусусий тиббиёт муассасаси тиббий хизмат кўрсатаётган бўлса, юқоридаги айтган илгариги муддатда уларнинг сони мос равишда 162, 122 тани ташкил этган.

Одам учун энг муҳими ўзининг “кичик Ватани”, яъни уйи бўлишидир. Маконли бўлиш ҳаётга муҳаббат, кўнгил хотиржамлиги дегани. Шу маънода, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш тарзини юксалтириш бўйича намунавий лойиҳалар асосида уч йил давомида 3998 та арзонлаштирилган уй-жойлар қурилди. Энди айтинг, бундай кенг кўламли бунёдкорлик ва қурилишларни тасаввур қилармидингиз? Буларнинг барчасини албатта бизга истиқлол тақдим этди.

Кейинги вақтларда одамларимиздан “бизнинг ҳам қишлоқ қачон “Обод қишлоқ” дастурига киритилади”, деган сўзларни кўп ва хўп эшитаяпмиз. Сабаби, биргина Сурхондарё вилоятидаги 73 та қишлоқ ва маҳаллаларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида халқимиз ўзининг ҳаётида янада қулайликни, оғири енгил бўлганлигини ҳис этди.

Шу ўринда яна бир гап, шу йиллар давомида вилоятда йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиб фойдаланишга топширилганлиги халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Термиз халқаро аэропорти, Имом Термизий масжиди, Шеробод ва Жарқўрғон туманларидаги цемент заводлари, Сурхон Керамика заводи, Ногиронларни реабилитация қилиш маркази, Қумқўрғон туманидаги “Болалар мурувват уйи”, “Марварид”, “Хўжаипок” сиҳатгоҳлари, Давлат Архиви биноси, “Вилоят тарих ва маданият давлат музейи”, “Қўғирчоқ театри”, вилоят Перинатал маркази, Афғонистон фуқароларини ўқитиш талим маркази, “Термиз ҳайвонот боғи”, қўшма корхоналар, кўплаб ҳудудлардаги ўндан ортиқ текистил цехлари, меҳмонхоналар, бозорлар каби кўплаб давлат ва нодавлат муассасалар бунёд этилди ҳамда замонавий тарзда тубдан қайта таъмирланди.

Вилоят “кўпроқ қишлоқ хўжалигига ихтисослашган”, деган ғояни асоссиз эканлигини Давлат раҳбари бошчилигида сурхондарёликлар исботлашди. Биргина, жорий йилнинг 1 июл ҳолатига вилоятда фаолият юритаётган 3625 та йирик ва кичик саноат корхоналари томонидан 2 трлн 445,9 млрд. сўм ҳажмида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди (аслида бундан ҳам юқори бўлиши мумкин эди, пандемия таъсирини ўтказди).

Қувонарли жиҳати, 2020 йил давомида 19 та корхоналар томонидан халқимиз кундалик ҳаёти учун жуда зарур бўлган 18 та янги турдаги маҳсулотлар, жумладан ланолин субстанцияси, мевалар данагидан ўсимлик ёғи, сантехника жиҳозлари (санузель), болалар таглиги, ортопедик матрас ва юмшоқ мебель каби маҳсулотлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу дегани, ушбу маҳсулотларнинг нархи ҳамёнбоп бўлади, кўплаб одамлар ишли бўлади.

Мустақиллик даврида Сурхондарё вилоятидаги сўнги вақтлардаги айрим ўзгаришлардаги маълум бир соҳадаги кичик таҳлилларни келтирдик холос. Аслида бўлган ва бўлаётган ижобий юксалишлар юртимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётида ўзининг ўчмас изини қолдираётгани бор гап.

Умуман, шиддат билан ўтаётган вақтимизни истиқлолимизни мустаҳкамлаш, ватанимизни обод қилишга сарфлашга даъват этмоқчиман.

Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш