Меҳр-мурувват – инсоний фазилат

 

Жорий йилда коронавирус пандемияси бутун дунёни қамраб олиб, ларзага солди. Кўплаб мамлакатлар қатори бу кўринмас бало бизни ҳам четлаб ўтмади. Эпидемиологик вазиятни яхшилаш, аҳоли саломатлигини асраш, касалликка қарши курашиш мақсадида карантин эълон қилинди. Бундай шароитда кўп оилалар вақтинчалик даромад манбаини йўқотди. Лекин аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз вақтида муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинди, керакли барча чоралар кўрилди.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилганлиги халқимизга хос меҳр-оқибат, муҳтожларга ёрдам бериш каби юксак фазилатлар инобатга олинди. Жамғарма маблағларининг асосий манбаси бўлиб бу ихтиёрий ҳомийлик ва хайриялар, шунингдек маҳаллий бюджет маблағларининг ортирирган бир қисми ҳисобланади.

Бугунги кунда «Саховат ва кўмак» жамғармасининг Навоий вилоят ва туман (шаҳар) бўлинмалари ҳисоб-рақамларига ҳудудлардаги ҳомийлар ва маҳаллий бюджетлар даромадининг режадан ортиқ бажарилишидан жами 22 миллиард 213 миллион сўм пул маблағлари келиб тушди. Бу маблағлар пандемия даврида даромад манбаини йўқотган, эҳтиёжманд ва кам таъминланган 14 минг 377 нафар оилага 11 миллиард 265 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Яъни 9 минг 94 та оилага кундалик истеъмол товарлари, 1 минг 635 та оилага дори воситалари, 2 минг 183 та оилага пластика карточкасига ва нақд пулда моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, 1 минг 465 та оилаларга бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, жамғарма ҳисобидан Сирдарё вилоятидаги тошқиндан талофат кўрган фуқароларга 5 миллиард 940 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжат – “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, сентябрь ойида боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари; ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар; «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига 500 минг сўмдан пул тарқатилади. Жами 810 мингдан ортиқ бола моддий ёрдам билан қамраб олиниб, бюджетдан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Ушбу ёрдам кам таъминланган оилалар фарзандларини қишки кийим-кечак, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашга қаратилган.

Бундан ташқари, 1 октябргача мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларининг 1,5 миллиондан ортиқ ходимини гриппга қарши бепул эмлаш кўзда тутилган.

Албатта, ижтимоий ҳимояга муҳтож, бева-бечоралардан ҳол-аҳвол сўраш инсоний фазилатларимиздан биридир. Мазкур қарор ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатишимизда дастуруламал бўлади. Оилалар барқарорлиги ўз навбатида юрт равнақи, турмуш тўкинлиги, бир сўз билан айтганда истиқлолимизнинг нурли истиқболларига етаклайди.

 

Иба Наризова,

Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши депутати.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш