Мустақилликнинг 29 йили: Зомин катта ўзгариш ва янгиланишлар макони

 

Бу йил халқимиз ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигини “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”, деган бош ғоя остида катта оила даврасида нишонлайди. Истиқлол мадҳи ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Мамлакатимиз ва хусусан Жиззах вилояти Зомин туманида охирги йиллар давомида асрларга татугилик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун атрофга назар солишнинг ўзи кифоя. Янгитдан қад ростлаган бино ва иншоотлар, таълим муассасалари, аҳоли яшаш пунктларига қараб қувонади киши. Бир пайтлар шаҳар ва қишлоқларнинг бугунгидек бетакрор ва гўзал, обод қиёфасини кўриш тушимизга ҳам кирмаганди.

Зомин туманини 2020-2022 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига асосан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган инвестиция Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувлфиқ, “Жиззах органик” МЧЖ ҚК томонидан қиймати 100 млн доллар (шундан 25 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция, 70 млн доллар “Ўзсаноат қурилиш банк” томонидан бериладиган ҳалқаро молия институтларикредитлари, 5 млн доллар ўз маблағи) бўлган “Гўшт-сут йўналишида йилига 2,5 минг тонна гўшт етиштириш қувватига эга ва 10 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Яъни қурилиш ишлари бошланган, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган махсус техникалар олиб келинмоқда, бундан ташқари 600 та наслли қорамол олиб келинган.

2020 йилда 40 млн доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиши кутилмоқда. "Тошкентвино комбинати" АЖ бошчилигида "ZOMIN BREWERY" МЧЖ томонидан қиймати 50,4 млрд сўмлик " 5 минг тонна узумни бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоят ҳокимининг 2020 йил 25 февраль куни 66-сонли қарори билан ҳудудий инвестиция лойиҳалари тасдиқланди. Унга асосан, туманда қиймати 689,5 млрд сўм бўлган 34 та лойиҳалар (шундан саноатда 406,1 млрд сўмлик 7 та, хизмат кўрсатишда 165,9 млрд сўмлик 19 та, қишлоқ хўжалигида 117,4 млрд сўмлик 8 та) амалга оширилиб, бунинг натижасида 1008 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Бугунги кунда ушбу лойиҳаларда 583,6 млрд сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.

Яратиб берилган имкониятлар натижасида туманимизда жажжи болажонларни мактабгача таълим муассасаларига кенг қамраб олиш, улар учун барча шароит ва қулайликларга эга таълим масканларини барпо этишга жиддий эътибор берилди. Мактабгача таълим бўлимига қарашли Давлат мактабгача таълим ташкилоти сони 16 тага, Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти 9 тага, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 82 тага етди.

Туманда 3-7 ёшли болалар сони 14999 нафарни ташкил этса, шундан 10235 нафари мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олинган.Бундан ташқари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари қошида қисқа муддатли 172 та гурухлар ташкил этилди.

Туманимизда болаларни мактабгача таълим билан 100 фоиз қамраб олиш мақсадида бир нечта янги давлат мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ишлари бошланган.

Ана шундай нурафшон кунларда мустақиллик бизга қандай имкониятлар эшигини очиб берганини яна бир бора чуқур ҳис этасан, киши. Атрофида бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни ўзига тасаввур қилиб кўрган инсон, ўйлайманки, мустақилликни қадрига етиб, уни асрашга, мустаҳкамлашга янада қаттиқ бел боғлайди.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш