Мустақилликка 29 йил: Ислоҳотлар аввало, инсон манфаати учун

 

Шу кунларда халқимиз буюк тарихий сана — Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Шундай пайтларда мустақилликнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини, беқиёс ўзгариш ҳамда янгиланишлар моҳиятини янада теранроқ англаймиз, истиқлолнинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ эканини дилдан ҳис этамиз. Истиқлол бераётган меваларни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда, оиламизда, фарзандларимиз камолида кўриб турибмиз. Бу эса кишиларни катта мақсадлар йўлида янада бирлашиб, интилиб яшашга ундайди.

Мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги қадр-қимматини ошираётган, ҳар биримизни истиқлол ҳақиқатан ҳам бебаҳо неъмат эканини теран ҳис қилишга ундаётган бош омил нима деб сўралса, бу саволга ҳамма ҳеч иккиланмасдан, инсон манфаати улуғлангани, «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун», деган олижаноб сиёсат юритилгани, деб жавоб беради.

Айтиш керакки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ўзгариш ва мислсиз янгиланишларнинг барчаси халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадга қаратилган. Хусусан, кейинги йилларда аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайиб, ижтимоий ҳимояга нисбатан ёндашув бутунлай ўзгармоқда.

Келинг, фикримизни изоҳлайман. Ярим йилдан ошдики, коронавирус пандемияси бутун дунё кун тартибида турган долзарб масаладир. Карантин талаблари мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига ўз таъсирини ўтказди, минг-минглаб одамлар ишсиз қолди. Таҳлилларга кўра, ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши 10-20 фоизни, ривожланаётган мамлакатларда эса 7-15 фоизни ташкил этди.

Аслида коронавирус пандемиясидан қутулиш ҳеч қайси давлатда осон кечаётгани йўқ. Давлатимиз коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг талафотларини камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида қатъий чоралар кўрди.

Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш асосий масала сифатида қўйилди. Оғир турмуш шаротидаги ҳамда карантин даврида вақтинчалик даромад манбаини йўқотган оилалар учун қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кучли ижтимоий сиёсат, деган тамойилга амал қилинмоқда. Эътибор беринг, ҳамма бир-бирига ёрдам бермоқда, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат туйғулари янада мустаҳкамланди. Бу борада муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож одамларга кенг кўламли ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Зотан, меҳр-мурувват кўрсатиш – эзгу фазилатдир.

Бу борада эҳтиёжманд оилаларга берилаётган бир марталик кўмак ёки муддати март-июнь ойларида тугайдиган 2 ёшгача ва 14 ёшгача нафақа пуллари ҳеч қандай ҳужжатлар талаб қилинмасдан автоматик тарзда узайтирилгани кўплаб эҳтиёжманд оилалар вакилларини қувонтирди. Шунингдек, кекса ёшдаги ҳамда ногирон шахсларнинг нафақалари 10 фоизга оширилди.

Шу йил 1 сентябрдан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга ошириладиган бўлди. Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлили юритилади, уларни баҳолаш мезонлари республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, пандемия даврида ижтимоий нафақа олувчилар сони оширилди. Кўриниб турибдики, давлатдан молиявий кўмак оладиган оилаларнинг сони сезиларли даражада кўпайди. Ва энг муҳими, ҳеч ким меҳр ва эътиборда четда қолмаяпти.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим қарори қабул қилинди. “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу қарор билан 810 мингдан зиёд 16 ёшга етмаган болаларга 500 минг сўмдан моддий ёрдам бериладиган бўлди. Ушбу моддий ёрдамни кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари (“темир дафтар”)га киритилган оилалар, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчиларнинг фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга берилади. Ушбу ёрдам кам таъминланган оилалар фарзандларини қишки кийим-кечак, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашга қаратилган.

Афсуски, беш қўл баробар эмас. Кимнингдир рўзғори бут, ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ, ўзи топарман-тутармон. Кимдир эса бунинг акси. Пандемия шароити оғир турмуш шароитида кун кечираётган оилаларни янада қийин аҳволга солиб қўйди. 5 ойдан бери даромадидан айрилган оилаларни боласи мактабга чиқиши учун кийим қилиши, ўқув қуроллари олиб бериш ўйи билан юрганини исботлашга ҳожат йўқ назаримда. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан 810 мингдан зиёд ана шундай эҳтиёжманд оилалар учун енгиллик бўлди.

Мустақиллик байрами арафасида юртимиздаги ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг кайфиятини кўтариш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашда бу муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бу ижтимоий ҳимояга қаратилган эзгу ишларда яна бир ўзига хос жиҳатдир. Яна бир томони, инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром, сахова, меҳр-муҳаббат намунаси ҳам. Бундай ғамхўрлик оғир турмуш шароитига эга юзлаб оилалар вакилларининг кўнгил кемтиклигини тўлдиради.

Бу маблағнинг айниқса, оилалар фарзандларининг қишки кийим-кечаги, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашга қаратилгани ёшларимизга руҳан қувват бўлади, ҳаётни қадрлашга ундайди. Давлатга ишончи янада мустаҳкамланади, дахлдорлик кучаяди.

 

Анвархон Темиров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш