Ёш оилалар қувончи

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлашга эътибор янада кучайди. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, ёш оилаларнинг ўз уй-жойига эга бўлишига алоҳида аҳамиятга эга.

Куни кеча эълон қилинган “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори билан ёш оилаларга уй-жой ажратиш шартлари ўзгарди. Унга кўра, 2019 йилда ёшлар учун қурилган 558 та уйнинг дастлабки бадали учун 30 млрд сўм, 2020 йилда қуриладиган уй-жойлар учун 356 нафар ёш оилага уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисмини молиялаштириш учун 11,6 млрд сўм маблағлари қўшилган қиймат солиғини қўшган ҳолда ажратиладиган бўлди.

Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган. Бу айниқса, ёш оила бўлса... Эндигина оёққа тураётган ёш оилага имтиёз асосида уй берилиши уларнинг ҳаётга ишончини оширишда муҳим ўрин тутади. Бундай хайрли ишлар мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак ифодасидир.

Қарорга кўра, ёш оилаларга уй-жой ажратиш шартлари 2020 йил ва кейинги йиллар учун янги шартлар асосида ўзгарди.

Эндиликда ёш оилаларга уй-жойлар шаҳарларда ва қишлоқ жойларида 1 йиллик имтиёзли давр билан (илгари 3 йил эди) ҳамда дастлабки 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида 20 йил муддатга берилади (илгари қишлоқ жойларидаги уй-жойлар учун бу муддат 15 йил эди).

Бунда квартиранинг дастлабки бадали:

  • шаҳарларда – ёш оилаларга, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларга сотиш шартларига мувофиқ (илгари қатъий 25 фоиз);
  • қишлоқ жойларида – сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланадиган бўлди.

Албатта, ёшларга берилаётган эътибор ватан тақдирига берилаётган эътибордир. Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни назарда тутган ушбу қарор мустақиллик арафасида кўплаб ёш оилаларга яна бир байрам туҳфаси бўлди.

 

Жаҳонгир Кабиржанов,

Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш