Биз мустақил юртнинг бахтли аёлларимиз!

 

Мустақиллик - энг олий неъмат, мустақиллик - тенглик сари қўйилган биринчи қадам. Бу сўзлар нечоғли қадрли ва азиз эканлигини бугунги ҳаётимиз, осойишталик ва фаровонлигимизда кўриш мумкин.

Айтиш керакки, мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи янада ошди, уларнинг турмуш шаротини яхшилашга эътибор кучайди. Бир пайтлар рўзғор ташвишидан бўшамаган аёлларимиз бугун мамлакатимизнинг барча соҳаларда ўз ўрнига эга, фаол фуқаролик позицияси билан обрў топган. Фарзандларимга мустақилликдан олдинги ҳаёт, хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ жойларида яшайдиган аёлларнинг машаққати, қийинчиликлари ҳақида айтиб берсам, эртак эшитаётгандек ҳайрон қолишади...

Давлатимиз мустақилликка эришмасдан олдин аёлларнинг яхши яшаши, меҳнат қилиши учун шароитлар етарли эмасди. Жумладан, чекка қишлоқларда газ, свет бўлмаганлиги сабабли аёллар таппи ёқиб, ош-овқат қилишган, уйларни иситишган, жазирама иссиқу, қиш-қировли кунларда ҳам ёш боласини етаклаб режа тўлмагунича пахта даласида жавлон урган. Бугунчи, бугун қишлоқ аёллари учун ҳам шаҳардан қолишмайдиган барча шароитлар яратилмоқда. Газ етиб бормаган қишлоқ, овул қолмади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг мамлакатимизда инсон қадри, шаъни юксалди, аёллар улуғланди. Хотин-қизларнинг истеъдод ҳамда имкониятларини намоён этиш учун шароитлар яратиб берилди, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, асосий Қомусимизнинг 18- ва 46- моддалари, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат, Оила Кодексларида хотин-қизларнинг манфаати ҳимоя қилинганлиги, сайлов тўғрисидаги қонунчиликда хотин-қизлар учун 30%ли квота жорий этилганлиги ҳамда бир нечта Халқаро ҳужжатларнинг ратификация қилинганлиги бутун дунёда ўзбек аёлларининг дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузини оширди.

Мустақиллик бизга туҳфа этган неъматларни санасак, адоғига етмаймиз.

Айниқса кейинги 4 йил ичида юртимизда аёлларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам юксакларга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини янада ошириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 3 та қонун, Президентимизнинг 2 та фармони, 2 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ Қарор ва фармойишлари қабул қилиниди.

Жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида", ги қонун қабул қилиниб, мазкур қонунда эркаклар ва аёлларни ишга қабул қилишда, сайлов жараёнларида, жамият ва давлат ишларини бошқариш ҳамда оилавий муносабатларда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга эканлиги белгиланди.

 “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”, Қонунга асосан 197 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Жиноят кўчасига кириб қолган аёлларга нисбатан кечиримли бўлиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда хотин-қизлар ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Бунинг натижасида 261 нафар хотин-қизлар ушбу ташкилотларнинг кафиллиги асосида суд залидан озод қилингани халқимизга хос инсонпарварлик намунасидир.

Энг муҳими, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг кўп йиллик орзу-умидларини руёбга чиқаришга сабаб бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан бугунги кунда партиямиз электорати вакиллари бўлган хотин-қизлар имтиёзли ва ҳатто бепул уй-жойлар билан таъминланмоқда.

 Мамлакатимизда хотин-қизлар учун алоҳида мукофотлар ҳам таъсис этилган бўлиб, хотин-қизларнинг иқтидор ва истеъдодларини рўёбга чиқаришга, уларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар сони бугунги кунда 311 нафарга етди.

 “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан эса 577 нафар 50 ёшдан ошган аёллар тақдирланди. 16 нафар аёллар Ватанимизнинг энг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

Олий таълим муассасаларига кириш учун хотин-қизларга алоҳида 4 фоизлик давлат гранти асосида квота ажратилганлиги ҳам хотин-қизларга қаратилаётган эътибор намунасидир. 2020-2021-ўқув йилидан бошлаб 940 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар давлат гранти асосида Олий таълим муассасаларида таҳсил олишади.

Бундай имкониятлар албатта, ҳар бир аёлда мехнатга, ўз қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ўйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Кейинги пайтларда хотин-қизларнинг барча соҳаларда фаоллиги сезилмоқда, улар салмоғи ошиб бормоқда.

2019 йил якунида ўтказилган сайловлар натижасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошди.

Миллий парламентимиз тарихида биринчи марта аёл киши –Танзила Камоловна Норбоева Сенат Раиси лавозимига сайланди. 6 нафар ташаббускор ва ташкилотчи аёллар туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинланди.

Мустақилликнинг биз аёлларга берган имтиёзу имкониятлари, неъматларининг чеки йўқ, уни санаб адоғига етиш жуда қийин. Биз мустақил юртнинг бахтли аёлларимиз! Буни фахр-ифтихор билан баралла айтсак арзийди.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш