Мустақилликнинг 29-йили: Бир-биримизга суянч бўламиз

Ҳар йили халқимиз катта қувонч, фахр-ифтихор, ғурур билан, бир тан, бир жон бўлиб, Мустақиллик байрамини нишонлайди. Бу йилги истиқлол тантаналари пандемия сабабли халқимизнинг соғлигини ўйлаб, ихчам шаклда ўтказилди.

Тўғриси, бу байрам кайфиятига асло таъсир қилмади. Байрамни оиламиз даврасида нишонладик. Шинамгина дастурхон атрофида ота-онамиз, фарзандларимиз билан мустақиллик ҳақида, у не-не машаққатлар билан қўлга киритилгани тўғрисида суҳбат қурдик. Эфир орқали узатилган концертлар, бадиий дастурлар уйимизга ҳақиқий байрам нафасини олиб кирди. Давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимдаги нутқи ҳамманинг руҳини янада кўтариб юборди. Бугунги синовли кунларда одамларимизга янгича куч-қувват берди, десам адашмайман.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунинг ўзиёқ мамлакатимизда инсон қадри нечоғлик баланд экани, инсонпарвар жамият бунёд этиш йўлида катта-катта қадамлар ташланаётганини англатади, деб ўйлайман.

Бутун дунёда оғир вазият, иқтисодий танглик юзага келган ҳозирги шароитда бу йил ҳам мустақиллик байрамини барча соҳалардаги катта ютуқлар, янгиликлар билан кутиб олдик. Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, карантин бўлишига қарамай, аҳолимизнинг асосий қисми ўзининг даромад манбалари ва турмуш даражасини сақлаб қолишига эришдик. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилингани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилиши узоқни кўзлаб амалга оширилган ишлар ҳаётий самаралар бераётганини амалда исботлайди.

Иқтисодий соҳадаги ана шундай кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқаро валюта захираларимизнинг ҳажми қарийб 5,5 миллиард долларга ошиб, жами 34 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш билан боғлиқ сиёсат изчил давом эттирилгани боис, давлат бюджетининг ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлари йил сайин ошиб борди. Ана шу эзгу ишни давом эттириб, бугунги пандемия шароитида ҳам ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтириш кун тартибига кўндаланг қўйилди.

Аслида коронавирус пандемиясидан қутулиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш ҳеч қайси давлатда осон кечаётгани йўқ. Давлатимиз коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг талофатларини камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида қатъий чоралар кўрди.

Давлатимиз раҳбари қайд этиб ўтганидек, ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди. Йил якунига қадар уларнинг сони ҳозирги 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилади. Шунингдек, сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларини ва ногиронлиги бўлган болаларни қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилади.

Албатта, бу ижтимоий ҳимояга қаратилган эзгу ишларда яна бир ўзига хос жиҳатдир. Шуниси ҳам борки, бундай эзгу ҳаракатлар инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром, саховат, меҳр-муҳаббат намунаси ҳамдир.

Президентимиз бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб эталаётганини алоҳида қайд этди. Албатта, бугунги фаровон ва мустақил кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Буни қадрига етиб, биз ҳам ўзимизни аямасдан меҳнат қилишимиз керак. Янги Ўзбекистоннинг янгидан-янги ютуқ ва марралари учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қилайлик. Бу ҳар бир ўзбек фарзанди ва фуқароси учун ҳам фарз, ҳам қарздир!

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш