Мустақилликнинг 29 йили: Халқимиз ҳаётидан мамнун

 

Мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мен ҳам иштирок этдим. Давлатимиз раҳбарининг нутқларини тинглар эканман, кўнглим тоғдек кўтарилди. Унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар қалбимда босиб ўтаётган йўлларимизнинг машаққати-ю, бу йўлда амалга оширилаётган ишларимизнинг буюклиги ҳамда олдимизда бизни кутиб турган марраларнинг залворли эканлиги кўз олдимда намоён этди. Хулоса сифатида янада кучли мотивация олдим.

Истиқлол берган имкониятлар ҳақида узоқдан-узоқ гапириш мумкин. Буларни таърифлаб ҳам, тавсифлаб ҳам, санаб ҳам адоғига етиш қийин. Айтиш керакки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ўзгариш ва мислсиз янгиланишларнинг барчаси халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадга қаратилган. Хусусан, кейинги йилларда аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайиб, ижтимоий ҳимояга нисбатан ёндашув бутунлай ўзгармоқда.

Жумладан, ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1.5 баробар оширилди, йил якунига кўра уларнинг сони 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилади. Ушбу тоифа аҳолини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётимизни тиклаш учун давлат бюджетидан ўн икки ярим трилион маблағ ажратилди.

Бу сонни рақамларда тингласак, жуда катта аҳамиятли туюлмаслиги мумкин. Лекин бунинг ортида қанчадан-қанча меҳнатга лаёқатсиз аҳоли, қанчадан-қанча ногиронлиги бор шахслар, қанчадан-қанча боқувчисини йўқотган ва айни дамда вояга етмаган фарзанд тарбиялаётган якка ёлғиз аёлларимизнинг манфаатлари ётибди. Уларнинг яшаш шароитидаги муаммоларини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, албатта, давлат сиёсатининг нақадар тўғри мақсад белгиланганига амин бўламиз.

Тасаввур қилайлик, мустақилликдан олдинги даврда шаҳарларимиз кўриниши қандай аҳволда эди, қишлоқларимиз аҳволичи?... Ёки таълим, тиббиёт соҳасини олайлик, кечаги аҳвол билан бугунгисини қиёслаб, хулоса чиқарайлик... Айниқса, собиқ иттифоқ даврида хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оғир меҳнат билан ўтган кунларини эслайлик...

Яқин ўтмишда олий таълим муассасаларига қабул квотаси битирувчиларнинг атиги 9 фоизини ташкил этган. Ҳозир эса аҳоли истакларини инобатга олган ҳолда, сиртқи, кечки, махсус сиртқи йўналишлари ташкил этилди, қабул квоталари 25 фоизга кўтарилди. Бу кўрсаткич янада ортиб борилиши таъкидланди. Айниқса , ҳаётда ўз йўлини топа олмаган, ижтимоий кўмакка мухтож, боқувчисини йўқотган, алоҳида ютуқларга эришган хотин-қизларимиз учун квоталар ажратилиши ҳақида эшитганимда тўғриси, кўзимга ёш келган эди. Бугун ана шундай тавсиялар асосида олий ўқув юртларига хужжат топширган хотин-қизларимиз қалбида ғурур, эртанги кунга умид билан дадил қадам ташлаётгани, уларнинг чексиз қувончига гувоҳ бўлиб турибмиз.

 Иқтидорли ўқувчиларимизни қўллаб-қувватлаш, жахон стандартлари асосида таълим олишига кўмаклашиш мақсадида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим мактабларида моддий техника базасини мустахкамлаш давом эттирилади, “Замонавий мактаб” дастури асосида мактабларни тўлиқ янгилаш бўйича режалар хали давом эттирилиши билдирилди. Дархақиқат, Ижод мактаблари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, Ал-Хоразмий мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларимиз нафақат Ўзбекистонни, балки жаҳон цивилизациясига муносиб хисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишиши учун шароитлар яратилди.

Ишонаманки, ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ҳар бир хонадонни камбағалликдан чиқариш бўйича сектор раҳбарларининг масъуллиги, “Темир дафтар”даги аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланаётган вазифалар давлат раҳбарининг шахсан назоратида бўлар экан, албатта катта катта ютуқларга шак-шубҳасиз эришамиз. Тадбирдан қайтар эканман, бу борада ўз олдимга ҳам катта мақсадлар белгиладим, сўзим бошида айтганимдек мотивацион хулосаларим талайгина.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш