“Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак...”

 

Куни кеча Президентимизнинг мустақиллик байрамидаги нутқларини тинглаб туриб, ҳаётимиздаги бўлаётган ўзгаришларни бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказдим. Холис фикр юритадиган бўлсак, 29 йиллик тараққиёт йўли ҳар соҳада юксалиш йиллари бўлди.

Аввало, ўзбек халқи, аввало, ўзлигини англади, урф-одатларимиз қайта тикланди. Истиқлол туфайли давлат ва жамият бошқаруви, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, тиббиёт, таълим, ҳарбий соҳаларда, қўйингки, барча жабҳада катта ўзгариш ва янгиланишлар бўлди. Одамларимиз ўз иқтидорини намоён қилиши, қобилиятига яраша ишлаши учун барча шароит яратилди.

Ана шу эзгу ишни давом эттирилиб аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтиришни давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Биргина йил бошида камбағаллик ва унинг таъсирига тушиб қолган аҳолини чиқариш бўйича режалар белгиланган эди. Амалда бир қатор ишлар амалга оширила бошланди. Хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли ҳимоя қилиш мақсадида “темир дафтар” ташкил этилганлиги, Президентнинг ушбу доирада бир неча қарорлари, парламентда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилинганлиги каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Кутилмаганда коронавирус пандемиясининг бутун жаҳонга таъсири бизнинг мамлакатимизга ҳам кириб келди. Давлатимиз миқёсида карантин чоралари белгиланди. Бу эса, бир неча муаммоларни ҳукумат олдига қўйди. Энг асосийсиларидан бири, камбағал қатлам, ишсиз қолган фуқароларга кўмак бериш эди. Ҳар бир секторда ташкил этилган “темир дафтар” карантин даврида катта ёрдам берди.

Зеро, маърузада келтирилганидек: “Кейинги пайтда уйма-уй юриб ўрганиш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд аниқлашнинг ўзига хос янги тизими шакллантирилди. Шу асосда, умумий ҳисобда, моддий ёрдам кўрсатиш учун 417 миллиард сўм маблағ ажратилди...”.

Агарда секторлар фаолияти, хонадонма-хонадон юриш тизими бўлмаганида ҳақиқатда жуда мураккаб аҳволга тушиб қолиш ҳеч гап эмасди, назаримда.

Маърузада, юртбошимиз томонидан “биз тўғри йўлдан бораяпмиз” деган ибора айтилди. Бунинг тўғрилигини юқорида келтирилган биргина ҳолатнинг ўзи исботламоқда.

Ҳали бундан ҳам юқори марраларни забт этишимиз бор гап. Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқимизда “Кўз-қўрқоқ, қўл - ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз”.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш