Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди

 

Мамлакатимизда инсон капиталига, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунга барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Бутун Жаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти ва Корнел университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги 2020 йил «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусидаги 13-сони эълон қилинди.

Ўзбекистоннинг узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна қайта Глобал инновацион индекси рейтингида рўйхатга киритилгани биз учун асосий ва шу билан бирга муҳим бўлган ўзгаришлардан биридир. Буни, албатта, республикамизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг, хусусан, шаффофлик ва очиқлик сиёсати ҳамда инновацион фаолиятдаги ижобий ўзгаришларнинг натижалари дея эътироф этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси охирги марта 2015 йил ушбу халқаро рейтингда 140 дан ортиқ давлатлар ичида 122 ўринни эгаллагани маълум. 2020 йилда Ўзбекистон 131 дан ортиқ дунё мамлакатлари ичида 93 ўринни эгаллади.

2020 йилда 80 та кўрсаткичлардан иборат бўлган Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида Институционал ривожланиш (Institutions), Инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research), Инфратузилма (Infrastructure), Билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs) ва Ижодий натижадорлик (Creative outputs) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришганини кўриш мумкин.

Мана шу қайтишнинг ўзи янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Ўзбекистоннинг 93-ўринда бўлиши ҳозирги пайтда илм-фанга берилаётган эътибор, инновацион ривожланишига қаратилган ресурсларнинг самарасидир. Буни келажакда илм-фан ва инновацияларга катта инвестицияларни жалб қилиш учун бир қадам, деб ҳисоблаш мумкин. 2030 йилга қадар ушбу рейтингда етакчи 50 та давлат қаторига кириш учун зарур вазифалар режалаштирилган.

Глобал инновацион индекс 15 та халқаро индекслар, 4 та Жаҳон иқтисодиёт форуми (World Economic Forum) томонидан олиб бориладиган сўровномалар ва 61 та кўрсаткичли маълумотлардан ташкил топган.

Рейтингларда ўрнимиз яхшиланиши халқимиз фаровонлиги ошиши, аҳолини ўйлантираётган муаммолар самарали ҳал этилиши учун ҳам жуда муҳим. Шу боис мазкур йўналишдаги ислоҳотлар давом этиши зарур.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш