Ижтимоий ҳимоянинг янги ва яхлит тизими яратилмоқда

2020 йил 4 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, партия Ижроия қўмита аъзолари, ҳудудий студияларда минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, фаоллар иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи таҳлил қилиниб, устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Мустақиллик халқ ва миллатни бирлаштирадиган, миллионлаб инсонлар ўртасидаги бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлайдиган байрам эканини таъкидлади.

Мустақилликка бағишланган тантанада давлат ва жамоат арбоблари, санъат ва ижод дарғалари, парламент аъзолари, телеэкран орқали миллионлаб ҳамюртларимиз бир даврада тўпланиб, нафақат нутқни тинглашди, шу билан бирга, яхшиликлар учун камарбаста эканликлари, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган ғоялар ва ислоҳотларни давлатимиз раҳбарининг ёнида туриб қўллаб-қувватлашларини ифода этишди, деди партия етакчиси.

Президентимиз алоҳида таъкидлаб айтган Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратиш ҳақидаги фикр замирида улкан янгиланишлар, катта режалар, қолаверса, эзгу ниятлар мужассамлашди. Шу маънода дунё ҳамжамиятида “Янги Ўзбекистон” ибораси қайта-қайта тилга олинаётгани бежиз эмас. Бу албатта, барчамизнинг қалбимизда ғурур ҳиссини уйғотади.

Йиғилишда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича кейинги йилларда эришилаётган натижаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидландики, йиллар давомида луғатимиздан ўчириб ташланган камбағаллик тушунчаси давлатимиз раҳбари томонидан илк бор тилга олинди. Реал ҳолат очиқ баён этилди. Мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш асосий масала сифатида қўйилди. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият мазкур йўналишдаги ишлар аҳамиятини янада оширди.

Ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Йил якунига қадар эса уларнинг сони ҳозирги 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилиши белгиланди. Ушбу тоифани қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётимизни тиклаш учун эса давлат бюджетидан 12,5 триллион сўм маблағ ажратилди. Инсоннинг ижтимоий ҳолати, жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, аввало унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Турли сабаблар билан оғир вазиятга тушиб қолган, аммо керакли ёрдам ва қўллаб-қувватлов кўрсатилса, ҳаётини изга сола оладиган фуқароларга ҳам муносабат тубдан ўзгармоқда. Ана шундай тизим натижасида уйма-уй юриб ўрганиш орқали эҳтиёжманд оилалар аниқланди ва шу асосда, уларга моддий ёрдам кўрсатиш учун 417 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Жорий йил сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларини ва ногиронлиги бўлган болаларни қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Буларнинг барчаси партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимоя бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Аммо бу билан чекланмасдан, барча даражадаги депутатлар, партия ташкилотлари, кўп минг сонли хайрихоҳлар ўзгариш ва ислоҳотлар самарали кечиши учун жараёнда бевосита, фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда Президентимизнинг Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида эътибор қаратилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Кейинги йилларда барча соҳада бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка кенг тушунтириш, тарғиботни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Етарли даромадга эга бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш, бундай оилалар аъзоларини касб-ҳунар ўргатиш, ўз ишини юритиши учун кўникма бериш камбағалликни камайтиришда яхши самара беради. Бу жараёнда, айниқса, партия фаоллари ва депутатлар ташаббускор бўлиши лозимлиги уқтирилди.

Парламент аъзолари иштирокида ҳудудларда “темир дафтар” юритилиши, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилмоқда. Партиянинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари мана шу жараёнда қатъиятли бўлиб, электоратни ўйлантириб келаётган муаммоли масалаларни кўтариб чиқиши зарур. Шунда депутатлар, партия ташкилотлари ишида натижа, самара кўринади.

Шунингдек, партия ташкилотлари, депутатлар ҳамда экспертлар маънавий тарбия соҳасида ўқитувчиларнинг фаолиятини методик таъминловчи ўқув материаллари, методик қўлланмалар сифатли ишлаб чиқилишини жамоатчилик ва депутатлик назоратига олишлари зарурлиги қайд этилди.

Пандемия даври билан боғлиқ қийинчиликлар давом этаётганини ҳисобга олиб, партия ташкилотлари ва депутатлар, хайрихоҳлар саховат ва кўмак тадбирларида фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

Йиғилишда “Қоракалпоғистон тонги” газетаси Бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикаси Жокарги Кенгеси депутати Назира Матякубова, Тошкент молия институти ўқитувчиси, иқтисод фанлари доктори, профессор Шарбат Абдуллаева, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари Абдулҳамид Нурматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси Сафар Остонов, Миллий университет таянч докторанти, ёшлар парламенти аъзоси Азизхон Аҳмедовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ижроия қўмита йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг устувор вазифалари белгиланди.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш